Жаҳон | 08:01 / 16.12.2022
6494
2 дақиқада ўқилади

ЕИ 16 декабрь куни Россияга қарши 9-санкция пакетини ёзма равишда тасдиқлайди

Европа Иттифоқининг Украинадаги уруш учун Россияга қарши янги санкциялар пакети, Европа комиссиясига кўра, 200 га яқин шахс ва компанияга таъсир қилади.

Фото: Reuters

Европа Иттифоқи 27 давлатининг доимий вакиллари Украинага ҳарбий бостириб киргани учун Россияга қарши санкцияларнинг тўққизинчи пакетини келишиб олди, деб хабар берди Чехиянинг Европа Иттифоқидаги раислиги 15 декабрь, пайшанба куни кечқурун Twitter микроблогида. «Бу Чехиянинг Европа Иттифоқига раислиги доирасида келишилган Россияга қарши учинчи санкциялар пакети бўлиб, эртага ёзма тартибда тасдиқланади», — дейилади хабарда.

Ўтган ҳафта Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен Россияга қарши янги санкциялар пакетини тақдим этди. Фон дер Ляйеннинг сўзларига кўра, қора рўйхатга россиялик 200 га яқин жисмоний ва юридик шахслар киритилади. Улар орасида Россия қуролли кучларига алоқадор одамлар ва компаниялар, ҳарбий-саноат комплекси корхоналари, Давлат думаси депутатлари ва Федерация кенгаши аъзолари, шунингдек, вазирлар, губернаторлар ва бошқа сиёсатчилар бор. «Ушбу рўйхат Россиянинг тинч аҳолига шафқатсиз ва атайлаб қилинган ракета ҳужумлари, украиналик болаларни Россияга ўғирлаб кетиши ва Украина қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини талон-торож қилиши бўйича асосий шахсларни қамраб олади», деб тушунтирди Европа комиссияси раҳбари.

Санкцияларнинг 9-пакети доирасида ЕИ комиссияси икки мақсадли товарларга, хусусан, Россия ҳарбий саноатида қўлланиши мумкин бўлган айрим кимёвий компонентлар, асаб-паралитик моддалар, электроника ва дастурий таъминотларга қўшимча экспорт чекловларини жорий этишни таклиф қилди. Бундан ташқари, «Россияга дронлар учун двигателларни тўғридан тўғри ва Россияга учувчисиз учоқлар етказиб бериши мумкин бўлган ҳар қандай учинчи давлатларга, масалан, Эронга экспорт қилишни тақиқлаш» таклиф қилинмоқда. Европа комиссияси, шунингдек, «Россия энергетика ва тоғ-кон саноатига қарши қўшимча иқтисодий чоралар», жумладан, Россиянинг тоғ-кон саноатига янги сармоя киритишни тақиқлашни ҳам эълон қилди.

Мавзуга оид