Дунёда мигрантлар сони 300 миллионга яқинлашди
Аҳоли ишсизлик, маиший муаммолар ва таълим каби сабабларга кўра миграция қилишга мажбур бўлмоқда.
Дунёда бир мамлакатдан иккинчисига кўчиб ўтган мигрантлар сони 280 миллиондан ошди, бу эса дунё аҳолисининг 3,6 фоизига тўғри келади.
2000 йилдан бери ҳар йили 18 декабр Халқаро мигрантлар куни сифатида нишонланади.
БМТ Халқаро миграция ташкилоти маълумотларига кўра, дунё бўйлаб 281 миллион мигрант бор, бу ўтган йилга нисбатан 3,5 фоизга кўпдир. Уларнинг 135 миллиони аёллар, 146 миллиони эркаклар.
Таққослаш учун, 1970 йилда дунёда 84 миллионга яқин мигрант бўлган, 1990 йилда 153 миллионга етган, сўнгги 50 йил ичида мигрантлар сони уч баравар кўпайган.
Шу билан бирга, мамлакатлардаги ички миграция ҳажми ташқаридаги миграцияга қараганда анча юқори.
Аҳолининг катта қисми ишсизлик, маиший муаммолар ва таълим каби сабабларга кўра миграция қилишга мажбур бўлмоқда. Баъзилар ҳарбий тўқнашувлар, таъқиблар, табиий офатлар ёки бошқа фожиали ҳодисалар туфайли ўз уйи ва мамлакатини тарк этмоқда.
Аксарият мигрантлар Европа (87 миллион) ва Осиёда (86 миллион) истиқомат қилади. Сайёрамизнинг бу икки минтақасида дунёдаги барча мигрантларнинг 61 фоизи яшайди. Кейинги ўринда Шимолий Америка - 20,9 фоиз.
Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзаси минтақасида мигрантлар сони икки баравар кўпайди (тахминан 7 миллиондан 15 миллионгача). Бу мигрантлар сони энг кўп ўсган минтақадир.
Океанияда 9 миллион мигрант ёки барча мигрантларнинг 3,3 фоизи истиқомат қилади.
2019 йилда дунё бўйлаб қарийб 169 миллион меҳнат мигранти бор эди, бу дунёдаги барча мигрантларнинг учдан икки қисмини (62 фоиз) ташкил этади. Дунё бўйлаб мигрантларнинг 78 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшдаги (15-64) одамлар.
2019 йилда меҳнат мигрантлари орасида эркаклар сони 98,9 миллион кишини, аёллар 70,1 миллион кишини ташкил этган. 102,4 миллион киши ёки жами меҳнат мигрантларининг 61 фоизи учта минтақада: Шимолий Америка, Араб мамлакатлари, Шимолий, Жанубий ва Ғарбий Европада истиқомат қилади.
Мавзуга оид
00:36
Россия БМТнинг Суданда ўт очишни тўхтатиш резолюциясига вето қўйди
21:54 / 18.11.2024
Трамп ноқонуний мигрантларни оммавий депортация қилиш режаси борлигини тасдиқлади
18:08 / 18.11.2024
Россия Давлат Думаси ҳукуматдан миграция параметрларини белгилашни сўради
17:29 / 18.11.2024