ЕИ Россияга қарши санкцияларнинг тўққизинчи пакетини қабул қилди
Тўртта давлат оммавий ахборот воситаси ва Бутунроссия минтақавий тараққиёт банки Европа Иттифоқининг янги санкциялари остида қолди. Дрон двигателларини тўғридан тўғри Россияга ва дронларни етказиб берадиган ҳар қандай учинчи давлатга экспорт қилиш тақиқланади.
Европа Иттифоқи 16 декабрь, жума куни икки мақсадли товарлар ва технологиялар, шунингдек, Россия мудофаа секторини яхшилашга ҳисса қўшиши мумкин бўлган товарлар ва технологиялар экспортига чекловлар киритди. Россия ҳарбий-саноат комплекси билан боғлиқ санкциялар рўйхатига яна 168 та субъект қўшилди ва уларнинг сони 410 тага етди. Жазо чораларини четлаб ўтмаслик учун ушбу рўйхатга ноқонуний равишда аннексия қилинган Қрим ва Севастополда жойлашган Россия назоратидаги айрим субъектлар ҳам киритилган.
Россияга «асосий кимёвий моддалар», асаб-паралитик моддалар, тунги кўриш ва радио-навигация ускуналари, электроника ва «Россия ҳарбий машинаси томонидан қўлланилиши мумкин бўлган IT-компонентлар»ни етказиб бериш тақиқланади, дейилади Европа Иттифоқи кенгаши хабарида, масалан, ноутбук компьютерлари ва ҳисоблаш компонентлари, камералар ва линзалар. Европа комиссиясининг ҳисоботида жанг майдонида Россия ҳарбий тизимларида топилган камуфляж ускуналари, кимёвий ва биологик ускуналар, тартибсизликларни назорат қилиш ва электрон компонентлар каби нарсаларга мисоллар келтирилган.
Бундан ташқари, Европа Иттифоқи авиация ва космик саноати билан боғлиқ товарлар ва технологияларни экспорт қилишни тақиқлашни самолёт двигателлари ва уларнинг қисмларини ўз ичига олган ҳолда кенгайтиради. Бу ҳам бошқариладиган, ҳам учувчисиз учиш аппаратларига, ҳатто ўйинчоқ ва ҳаваскор дронларга ҳам тегишли бўлади. Бу шуни англатадики, бундан буён дрон двигателларини Россияга ва уни дрон билан таъминлай оладиган учинчи давлатга тўғридан тўғри экспорт қилиш мумкин эмас.
Европа Иттифоқи Москва кредит банки, Узоқ Шарқ банки активларини музлатиб қўяди ва Бутунроссия минтақавий тараққиёт банкини операциялари тўлиқ тақиқланиши мумкин бўлган ташкилотлар рўйхатига киритади.
Россиянинг тоғ-кон саноатига киритилган янги инвестициялар санкцияларга дучор бўлади, ўғитлар ва «муҳим хомашё» билан боғлиқ кончилик фаолияти бундан мустасно.
Европа Иттифоқи кенгаши НТВ/НТВ "Мир", Россия-1, РEН ТВ ва Биринчи каналнинг лицензияларини тўхтатиб қўйди. «Ушбу оммавий ахборот воситалари Россия раҳбариятининг доимий бевосита ёки билвосита назорати остида бўлиб, Россия раҳбариятининг доимий ва келишилган дезинформацион ва ҳарбий ташвиқот фаолияти учун фойдаланилади, бу эса Россия тажовузкорлигини қонунийлаштиради ва Украинани қўллаб-қувватлашга путур етказади», - дейилади кенгаш баёнотида. Шу билан бирга, ушбу оммавий ахборот воситалари ва уларнинг ходимларига Европа Иттифоқи ҳудудида тадқиқот ва суҳбатлар ўтказиш каби бошқа фаолиятни амалга ошириш тақиқланмаган.
Россияга маркетинг ва реклама хизматларини, шунингдек, маҳсулотни синовдан ўтказиш ва техник назорат хизматларини кўрсатиш тақиқланади.
Европа Иттифоқи мамлакатлари фуқароларига Россияда жойлашган барча Россия давлати ёки давлат томонидан назорат қилинадиган юридик шахслар, ташкилотлар ва органларнинг бошқарув органларида бирон бир лавозимни эгаллаш тақиқланади.
Европа Иттифоқи санкциялар рўйхатига 200 га яқин жисмоний ва юридик шахсларни киритди. Улар орасида Россия Қуролли кучлари, ҳарбий-саноат комплексининг алоҳида офицерлари ва корхоналари, Давлат думаси ва Федерация кенгаши депутатлари, вазирлар, Украинанинг босиб олинган ҳудудларидаги россияпараст «ҳокимият» ва бешта сиёсий партия бор. Россиянинг тинч аҳолига атайлаб ракета ҳужуми уюштирган, украиналик болаларни Россияга кўчириш ва Украина қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ўғирлашда иштирок этган асосий шахсларга нисбатан санкциялар жорий этилмоқда.
Европа Иттифоқининг янги санкциялари «Россия иқтисодиёти ва унинг Украинага қарши тажовузни давом эттириш қобилиятига жиддий зарба бериш» учун мўлжалланган, дея маълум қилди Брюссел.
Мавзуга оид
00:36
Россия БМТнинг Суданда ўт очишни тўхтатиш резолюциясига вето қўйди
21:08 / 18.11.2024
Оқ уй Украинага АҚШ қуроллари билан Россияга зарба йўллашга рухсат берилганини тасдиқламади
20:14 / 18.11.2024
Украина ATACMS билан Россия ҳудудларига зарба бериши мумкин. Бу нимани ўзгартиради?
20:09 / 18.11.2024