Фан-техника | 19:06 / 17.12.2022
61951
5 дақиқада ўқилади

Йилнинг энг яхши смартфони, таржимон ручка ва биринчи мобил офис — ҳафта технодайжести

Kun.uz якунланаётган ҳафтадаги технология ва илм-фанга оид энг қизиқарли хабарларни жамлади.

Таржимон ручка

Фото: Xiaomi

Xiaomi компанияси янги Xiaomi Mijia Dictionary ручкасини тақдим қилди. Ақлли қурилманинг хитой ва инглиз тилларидаги сўзларни тўғри таржима қилиш аниқлиги 99 фоизга етказилган.

Xiaomi Mijia Dictionary лазерли сканерлашни қўллаб-қувватлайди ва бир вақтнинг ўзида бир неча қатор матнларни ўқиши мумкин. Нусхаланган матнни таҳрирлаш ва уни чоп этиш имконияти ҳам мавжуд. 

Шунингдек, ақлли ручка катта экранга эга. Иккита микрофони ҳам бўлиб, улар бир неча метр узоқликдан янграган сўзларни англай олади ва реал вақт давомида матнни экранда намоён қилади. Рус, хитой, инглиз, япон, корейс, немис ва бошқа тилларга таржимани қўллаб-қувватлайди.

Қурилма интернетга уланади, лекин офлайн ҳолатда ҳам унинг хотирасида 15 миллионта сўз мавжуд. Xiaomi Mijia Dictionary’нинг нархи 100 долларни ташкил қилади.

Йилнинг энг яхши смартфони

Android Authority нашри Google Pixel 7 Pro’ни 2022 йилнинг энг яхши смартфони деб топди. Мутахассислар қурилманинг камера имкониятлари ва Tensor G2 процессорининг ишлашига алоҳида эътибор қаратган.

Бундан ташқари, рейтинг муаллифлари Google Pixel 7 Pro'даги юз билан очиш функциясининг такомиллашгани, илғор дастурий таъминотни қўллаб-қувватлаш ва батареянинг узоқ ишлаш муддати каби хусусиятларни ҳам афзалликлар сифатида келтириб ўтган.

Android Authority рейтингида Google Pixel 7 Pro’дан кейинги поғоналарда Samsung Galaxy S22 Ultra, Samsung Galaxy S22 Plus вa Oppo Find X5 Pro каби смартфонлар ўрин олган.

Баландлиги 2 километрлик осмонўпар бино

Фото: meed.com

Саудия Арабистони суверен жамғармаси (PIF) пойтахт Ар-Риёд яқинида баландлиги 2 километр бўлган осмонўпар бинони қуришни режалаштирмоқда. У Дубайдаги (БАА) 828 метрлик Бурж Халифа биносидан икки баробар баланд бўлади. Айни пайтда Саудия Арабистонидаги энг баланд бино Маккадаги Абраж ал-Байт кўпқаватли бинолар мажмуасига кирувчи соат минораси бўлиб, унинг баландлиги 601 метрни ташкил қилади. Бўлғуси осмонўпар бинонинг умумий майдони 18 минг квадрат метрни ташкил қилади. Лойиҳанинг тахминий қиймати 5 миллиард долларга тенг. 

Daimler’дан биринчи мобил офис

Фото: Daimler

Daimler компаниясининг юк автомобиллар ишлаб чиқарувчи Fuso филиали ўз шассиларидан бирида мобил офиснинг концептуал моделини яратди

Мобил офиснинг асосий хусусияти — очилиб-ёпиладиган кузовга эгалиги. Салонда табиий материаллар ва япон дизайни элементлари, масалан, бамбук поллар, табиий ёғоч юзалар ва татами услубидаги ўриндиқлар устунлик қилади. Қулай иш жойини таъминловчи стол ва скамейкалар ҳам мавжуд. Шунингдек, йиғма диван, ошхона ва душ билан жиҳозланган. 

Табиат қўйнида вақт ўтказиш, очиқ ҳавода жисмоний машғулотлар билан шуғулланиш руҳий саломатликка ижобий таъсир кўрсатиши сабабли, тегишли транспорт воситаларини ҳам ишлаб чиқариш давр талабига айланмоқда, деб ҳисоблайди Fuso. Шунинг учун Nomad Pro ходимларга табиат билан бевосита алоқада ишлаш имконини беради ва замонавий, индивидуал иш талаб қиладиган моделлар учун кўплаб янги имкониятларни очиб беради. 

Ҳақоратли изоҳ ёзганлар блокланади

Фото: Getty Images

YouTube ҳақоратли изоҳ ёзган фойдаланувчиларни блоклашни бошлайди. Дастлаб платформа ҳақоратомуз изоҳлар қолдириб, қоидаларни бузганларга билдиришнома юборади. Агар фойдаланувчи билдиришнома олганига қарамай, ҳақоратомуз изоҳларни ёзишда давом этса, хизмат уларга 24 соатга қадар бошқа изоҳ қолдиришни тақиқлайди.

Компания маълумотларига кўра, мазкур функция муваффақиятли тарзда синовдан ўтказилган. Ушбу амалиёт дастлаб инглиз тилида ёзилган изоҳлар учун қўллана бошлайди ва кейинчалик бошқа тилларга ҳам тарғиб қилиниши мумкин.

Xiaomi’нинг энг кучли смартфонлари

Фото: Xiaomi

Xiaomi компанияси Qualcomm Snapdragon 8 Gen 2 процессори билан жиҳозланган янги авлод смартфонлари – Xiaomi 13 ва 13 Pro моделларини тақдим қилди.

Xiaomi 13, 6.36 дюймли OLED дисплейига эга, камералари 10, 12 ва 50 мегапикселли объективлар билан жиҳозланган. Аккумулятор сиғими – 4500 мА/соат.

Хиаоми 13 Про эса 6.73 дюймли OLED дисплейи ва ҳар бири 50 мегапикселли учта камерага эга. Аккумулятор сиғими – 4820 мА/соат.

Ҳар икки смартфоннинг селфи камералари 16 мегапикселли.

14 декабрдан Хитойда Xiaomi 13 ва 13 Pro смартфонлари қуйидаги нархларда сотувга чиқарилган:

Xiaomi 13

  • 8 ГБ + 128 ГБ: 3 999 юан (574$);
  • 8 ГБ + 256 ГБ: 4 299 юан (617$);
  • 12 ГБ + 256 ГБ: 4 599 юан (660$);
  • 12 ГБ + 512 ГБ: 4 999 юан (718$).

Xiaomi 13 Pro

  • 8 ГБ + 128 ГБ: 4 999 юан (718$);
  • 8 ГБ + 256 ГБ: 5 399 юан (775$);
  • 12 ГБ + 256 ГБ: 5 799 юан (833$);
  • 12 ГБ + 512 ГБ: 6 299 юан (905$). 

Мавзуга оид