Жаҳон | 09:14 / 19.12.2022
9285
2 дақиқада ўқилади

Киев шаҳар узра 9 та дрон уриб туширилганини хабар қилди

Киев шаҳрига Эроннинг Shahed учувчисиз учоқлари ҳужум қилмоқда, дея хабар берди Киев шаҳар ҳарбий маъмурияти. 

Фото: Getty Images

Унинг маълумотларига кўра, ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Украина пойтахти ҳаво бўшлиғида душманнинг 9 та учувчисиз учоқларини уриб туширган. 

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, шаҳарда портлаш овозлари эшитилмоқда, деб хабар берди Reuters. 

Киев ва Киев вилояти, Луҳанск вилояти ва Қримдан ташқари ҳамма ҳудудда ҳаво ҳужуми ҳақида огоҳлантириш тревогаси бекор қилинган.

Аввалроқ Россия қўшинлари Украина ҳудудига зарбалар бериш учун Эронда ишлаб чиқарилган учувчисиз учиш аппаратларидан яна фаол фойдалана бошлади, деб хабар берганди Америка урушни ўрганиш институти (ISW). 

Унинг экспертлари Украина Қуролли кучлари Ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондонлигининг 10 декабрдаги хабарига таянган, унда Россия ҳарбийлари Херсон, Миколайив ва Одесса вилоятларида Shahed 136 ва Shahed 131 дронлари ёрдамида 15 та ҳужум уюштиргани айтилади. 

Ўз навбатида, ISW қайд этишича, 7 декабрь куни Россия ҳарбийлари уч ҳафталик танаффусдан сўнг Украинадаги нишонларга зарба бериш учун Эрон УУАдан фойдаланишни қайта бошлаган. Бир неча кун олдин Американинг NBC News телеканали Оқ уйдаги манбаларига таяниб, Россия ҳукумати Эрон дронларини қабул қилиб олиш эвазига Эронга «мисли кўрилмаган даражада» ҳарбий-техник ёрдам кўрсатаётгани ҳақида хабар берган эди.

Мавзуга оид