Фан-техника | 23:40 / 19.12.2022
115720
4 дақиқада ўқилади

Одам етиштириш фермаси лойиҳаси – олимлар қўрқинчи видеони тақдим этди 

Янги концептуал видео ҳомиладорлик ва туғуруқнинг келажаги ҳақидаги баҳсларни кучайтиришга қаратилган. Ферма она бачадонига тақлид қилувчи шаффоф капсулалар билан жиҳозланган ва сунъий бачадонда чақалоқларни ўстиради. У бепуштликдан азият чекаётган одамларга генетик жиҳатдан ўзиники бўлган болани дунёга келтиришда ёрдам беришни мақсад қилган. 

Фото: Hashem Al-Ghaili / SWNS

Яманлик молекуляр биотехнолог Ҳошим Ал-Ғойлий аёл бачадонини такрорлайдиган юзлаб шаффоф сунъий бачадонлардан иборат инсон фермаларининг концептуал видеосини тақдим этди. 

Унда EctoLife тиббиёт компанияси томонидан ҳомилани сунъий ўстириш учун мўлжалланган қурилма лойиҳаси таклиф этилади. Туғилиш жараёнига ёрдам кўрсатишни мақсад қилган компания сунъий бачадонларда йилига 30 мингтагача чақалоқни етиштириши мумкинлигини таъкидламоқда. Бу дунёнинг кўплаб давлатларида авж олаётган туғилиш даражасининг пасайиб бораётгани муаммосини ҳал қилиши мумкин. 

Янги концепция видеоси томошабинларни EctoLife сунъий бачадонлар комплекси бўйлаб экскурсияга олиб боради, у ерда юзлаб ҳомилалар шаффоф, ҳароратни назорат қилувчи капсулаларда сақланади ва киндик орқали кислород, озуқа моддалари билан таъминланади. Ҳозирча бу жараён лойиҳалаш босқичида. 

Олимнинг сўзларига кўра, бундай технологиялар бачадони олиб ташланган аёлларга фарзандли бўлиш, эрта туғилиш миқдорини камайтириш, аҳоли сонининг қисқариб бориши билан курашиш имконини беради. Қайд этилишича, жараёнда экстракорпорал уруғлантириш усулидан фойдаланилади, бу ота-оналарга энг яшовчан ва генетик жиҳатдан устун эмбрионни танлаш имконини беради. 

«Бундан ташқари, эмбрион турли хусусиятларни ўзгартириш, жумладан, ирсий касалликларни йўқ қилиш учун генетик жиҳатдан модификация қилиниши мумкин. Технология дунё олимларининг 50 йиллик илмий тадқиқотларига асосланади. Бундай туғуруқ капсулалари атиги бир неча ўн йилдан кейин амалиётда кенг қўлланиши мумкин», дейди Ал-Ғойлий. 

Видеода 75 та лаборатория кўрсатилган, уларнинг ҳар бирида 400 та туғуруқ капсуласи жойлашади, улар бачадондаги реал шароитларни такрорлаш учун мўлжалланган. Шунингдек, капсула боланинг ҳаётий кўрсаткичларини кузатувчи сенсорларга эга. Бунга юрак уриш тезлиги, тана ҳарорати ва қоннинг кислород билан тўйинганлик даражаси киради. 

Капсула, шунингдек, ҳомилада юзага келиши мумкин бўлган генетик оғиш ҳолатларини доимий равишда текшириб турувчи ва ўсиш жараёнини кузатиб турувчи сунъий интеллект билан жиҳозланган. 

Ота-оналарга капсуладаги чақалоқнинг ҳолати бўйича видеотасвирларни намойиш этувчи, шунингдек, муҳим ҳаётий кўрсаткичларини етказувчи мобил илова тақдим этилади. Шунингдек, ота-оналар сунъий бачадонга хабар жўнатиши ва чақалоқ учун мусиқа плейлистини тузиши ҳам мумкин. 

Ферма аввало туғилиш кўрсаткичларини яхшилашга мўлжаллангани айтилган бўлса-да, оғриқдан ёки туғуруқдан кейинги тикланиш давридан қўрқадиган аёллар учун ҳам мўлжаллангани қайд этилган. Бундан ташқари, туғилиш капсулалари бепуштликдан азият чекаётган жуфтликлар ва мустақил равишда фарзанд кўришга журъат эта олмайдиганлар учун муқобил вариант бўлиши мумкин. 

«Туғуруқдаги оғриқ ва мушакларнинг қисқариши билан хайрлашинг. EctoLife стрессиз туғилишга ёрдам берадиган хавфсиз, оғриқсиз альтернативани таклиф қилади», дейилади видеода. 

Чақалоқ дунёга келиши учун ота-она капсула тугмачасини босади, амниотик суюқлик ташқарига оқиб чиқади ва сунъий бачадон очилади, бу эса ота-онага биринчи марта чақалоқни қўлга олиш имконини беради. 

2020 йил ҳисоб-китобларига кўра, дунёда бир аёл ўртача 2,5 фарзандли бўлган, 50 йил олдин бу кўрсаткич 5 га тенг эди. АҚШ (1,77) ва Буюк Британияда (1,74) бу кўрсаткичлар янада паст. Бу тенденциялар ортида юқори даражадаги таълим ва контрацепция, шунингдек, ишга чиқувчи аёллар сони кўпайиши туради. Одам етиштирувчи ферма бу муаммони ҳал қилиши мумкинлиги айтилмоқда.

Мавзуга оид