Дунё бўйлаб болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланиши тобора жиддий муҳокама мавзусига айланяпти. Онлайн буллинг, хавфли челленжлар, шахсий маълумотларнинг тарқалиши, психологик босим ва зарарли контентлар давлатларни янги чекловлар жорий этишга ундамоқда. Айрим мамлакатлар ёш чекловини кучайтирмоқда, бошқалари эса онлайн платформаларга қўшимча мажбуриятлар юкламоқда. Энди Ўзбекистон ҳам шу давлатлар қаторига қўшилиши мумкин. Kun.uz бу масалада мутасадди ташкилотлар фикрини ўрганди.
Ўзбекистонда 16 ёшгача чеклов муҳокама қилинмоқда
Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзозхон Каримованинг Kun.uz’га маълум қилишича, 16 ёшгача бўлган болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини чеклашга қаратилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши мумкин. Бу масала депутатлар ва сенаторлар билан муҳокама қилинган ҳамда қонун лойиҳасини тайёрлаб, жамоатчилик муҳокамасига қўйиш режалаштирилган.
“Ҳозир техника асри. Болалардан телефонни олиб қўя олмаймиз. Лекин ундан фойдаланиш маданияти бўлиши керак. Мактаблардаги мавжуд чекловлар ҳамма жойда ҳам ишламаяпти. Шу боис 16 ёшгача бўлган болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини қонун билан тартибга солишни таклиф қилмоқдамиз”, — деди вазир.
Болалар омбудсмани: муаммо бор, аммо ечим фақат тақиқ эмас
Болалар омбудсмани ҳам мазкур ташаббус ҳозир мутасадди ташкилотлар ва парламент вакиллари иштирокида ўрганилаётганини маълум қилди. Жараён анча аввал бошланган ва ташкилот бу масалани ўрганиш юзасидан болалар ўртасида сўров ўтказган. 10–17 ёшли 245 мингдан ортиқ мактаб ўқувчиси иштирок этган сўровда:
- иштирокчиларнинг 94 фоизи интернетдан фойдаланишини билдирган;
- уларнинг 47 фоизи интернетдан доимий равишда фойдаланади;
- 66 фоизи интернетдан асосан таълим ва хорижий тил ўрганиш учун фойдаланишини айтган;
- 26 фоизи мулоқот қилиш;
- 8 фоизи эса онлайн ўйинлар учун интернетдан фойдаланишини билдирган.
Шу билан бирга, сўров ташвишли ҳолатларни ҳам кўрсатган. Ўқувчиларнинг 16 фоизи ижтимоий тармоқларда хавфсиз ҳаракат қилиш қоидаларини билмаслигини, 9 фоизи эса онлайн буллинг нима эканини ҳам тушунмаслигини айтган.
Омбудсман фикрича, болаларни ижтимоий тармоқлардаги хавфлардан ҳимоя қилиш муҳим. Бироқ бунинг ечими фақат чеклов эмас, болалар учун миллий рақамли платформаларни яратиш, рақамли гигиена бўйича таълимни кучайтириш ва ота-оналарнинг масъулиятини ошириш ҳам камида қонунчилик каби муҳим аҳамиятга эга.







