Жаҳон | 17:05 / 21.12.2022
4190
3 дақиқада ўқилади

АҚШ Россияни тажовузкор давлат сифатида тан олишга тайёрланяпти

Фото: Reuters

АҚШ конгресси Украинадаги уруш туфайли Россияни тажовузкор давлат сифатида тан оладиган қонун лойиҳасини ишлаб чиқмоқда. Тегишли ҳужжат лойиҳаси аллақачон Оқ уй маъмурияти билан муҳокама қилиняпти, деб хабар берди The Hill.

АҚШ конгресси Россияни Украинага қарши уруши туфайли тажовузкор давлат сифатида тан оладиган қонун лойиҳасини ишлаб чиқмоқда. Натижада Вашингтон Россияни терроризм ҳомийси сифатида тан олишдан қочиш имконига эга бўлади, деб ёзади The Hill 21 декабрь, чоршанба куни хабардор манбаларга таяниб. 

Нашр суҳбатдошларига кўра, айни пайтда қонун лойиҳаси матни АҚШ президенти Байден маъмурияти билан муҳокама қилинмоқда. У қабул қилинса, Америка президенти Россия ва исталган давлатни «Украинага қарши тажовузкорлик ҳаракатларига алоқадор» деб ҳисобласа, уни тажовузкор давлат деб эълон қилиши мумкин бўлади. Ҳужжат, шунингдек, АҚШ президентига «тажовуз учун масъул бўлган ёки унга алоқадор бўлган ҳар қандай шахсга нисбатан санкциялар қўллаш имконини беради», деб таъкидлайди газета. 

Шу билан бирга, қонун лойиҳаси танқидчилари бу қўшимчалар кераксиз эканлигини таъкидламоқдалар, чунки Байден маъмурияти аллақачон Россиянинг юқори мартабали амалдорларига қарши санкциялар киритган. Шунингдек, улар «тажовузкор давлат» атамаси «терроризм ҳомийси бўлган давлат» атамасидан кучсизроқ эшитилаётганидан норози.

The Hill исмини келтирмаган Украина расмийларининг нашрга айтишича, тажовузкор давлат мақоми уларнинг Россияни терроризмнинг ҳомийси сифатида тан олиш ҳақидаги илтимосига мос келмайди, бироқ Киев бу чорани қўллаб-қувватлаши мумкин, айниқса бу агрессор давлатга қарши «жазолаш учун қўшимча воситалар»ни ишлаб чиқишда ёрдам бериши мумкин.

23 ноябрь куни Европарламент Россияни Украинага қарши уруш муносабати билан терроризмга ҳомийлик қилувчи давлат сифатида тан олиш тўғрисидаги резолюцияни қабул қилди. Ҳужжат юридик кучга эга эмас ва маслаҳат характерига эга, чунки Европа Иттифоқи қонунчилигида ҳали «терроризм ҳомийси бўлган давлат» тушунчаси мавжуд эмас. Айрим Европа Иттифоқи давлатлари, жумладан, Литва, Латвия, Полша ва Эстония ҳам худди шундай таҳрирдаги ўз резолюцияларини қабул қилди. 

Европа Иттифоқидан фарқли ўлароқ, «терроризм ҳомийси» тушунчаси мавжуд бўлган АҚШда тегишли давлатлар рўйхати Давлат департаменти томонидан тузилади. Айни пайтда унинг таркибига Сурия, Эрон, Шимолий Корея ва Куба киради. АҚШнинг ҳар қандай давлатни терроризм ҳомийси сифатида тан олиши жиддий чекловлар - мудофаа сектори учун товарлар экспортини тақиқлаш, икки томонлама мақсадли маҳсулотлар экспортини назорат қилиш, молиявий ва бошқа чекловларни назарда тутади. Бироқ, бу чоралар Россия учун анчадан бери мавжуд. 

Мавзуга оид