Жаҳон | 11:32 / 21.12.2022
6736
3 дақиқада ўқилади

Конгресс қўмитаси Трампнинг солиқ декларацияларини эълон қилишга рухсат берди

Кўп йиллик суд жараёнларидан сўнг Трампнинг солиқ декларациясини олган АҚШ Конгресси қўмитаси уларни эълон қилишга овоз берди. 

Фото: Getty Images

21 декабрь, чоршанба куни CNN телеканалининг хабар беришича, ҳозирда демократлар бошчилигидаги Вакиллар палатасининг Даромадлар ва харажатлар қўмитаси собиқ президент Доналд Трампнинг 2015 йилдан 2021 йилгача бўлган давр учун қисман таҳрирланган солиқ декларациясини эълон қилишга овоз берди

Қўмита раиси, демократ Ричард Нилнинг айтишича, ҳужжатлар шахсий маълумотлар таҳрирланганидан кейин бир неча кун ичида оммага эълон қилинади. 

Аввалроқ қонун чиқарувчилар бу материалларни АҚШ Молия вазирлигидан олган. Трампнинг адвокатлари демократ конгрессменларнинг декларацияларни олиш ҳақидаги сўрови ноқонуний эканлигини ва фақат «сиёсий фойда» олиш истагидан келиб чиққанлигини таъкидлаб, Олий судда декларацияларнинг эълон қилинишига эътироз билдиришга ҳаракат қилишди. Ноябрь ойида Олий суд бу талабни қондиришдан бош тортди. 

Қўмитадаги республикачилар бир овоздан солиқ декларациясининг ошкор этилишига қарши чиқди ва бу шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш учун хавфли жараён яратишини айтди. Қўмитадаги асосий республикачи, Техас вакили Кевин Брэйдига кўра, Трампнинг солиқ декларациясини эълон қилиш «хавфли янги сиёсий қурол» бўлиб, «ҳатто демократлар ҳам бундан норози бўлади» ва бу нафақат Трампга таъсир қилади, балки «америкаликлар учун шахсий ҳаёт бўйича дахлсизликнинг ўн йиллик жараёнини бекор қилади».

Америка матбуотига кўра, қўмитадаги демократлар тезда ҳаракат қилишга мажбур бўлди, чунки икки ҳафта ўтиб Вакиллар палатаси назорати расман республикачилар қўлига ўтади. 

2016 йилги президентлик сайловларида номзод бўлган Трамп солиқ декларациясини эълон қилишдан бош тортиб, кўп йиллик тартибни бузди. 2018 ва 2020 йилларда The New York Times ҳужжатларга таяниб, Трамп 2001 йилдан 2015 йилгача бир цент ҳам даромад солиғини тўламаганини ва 2016 ва 2017 йилларда фақат ушбу модда бўйича Молия вазирлигига 750 евродан ўтказганини даъво қилган суриштирувларни эълон қилди.

Трамп мақолани «мутлақо фейк» деб атади ва «жуда кўп» солиқ тўлаганини айтди. Ноябрь ойида Трамп 2024 йилги президентлик сайловларида яна иштирок этишини маълум қилган эди. 

Мавзуга оид