Жаҳон | 19:57 / 21.12.2022
11115
2 дақиқада ўқилади

Шойгу Россияда чақирув ёшини оширишни таклиф қилди

Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу ҳарбий чақирув ёшини босқичма-босқич оширишни таклиф қилди – муддатли ҳарбий хизматга ҳозиргидек 18 ёшдан 27 ёшгача эмас, балки 21 ёшдан 30 ёшгача олишни.

Фото: РИА Новости

Шойгу бу ҳақда Мудофаа вазирлиги коллегиясида Россия президенти Владимир Путинга мурожаат қилиб айтди.

«Қуролли кучлар сафига чақирилаётганда фуқароларнинг муддатли ҳарбий хизматга чақирилиш ёшини босқичма-босқич 18 ёшдан 21 ёшга, чегарани эса 30 ёшга етказиш керак», — деди вазир. Бунда хизмат муддати ўзгармайди - бир йил.

Бундан ташқари, у муддатли ҳарбий хизматни ўташнинг биринчи куниданоқ аскарларга шартнома тузишга рухсат беришни таклиф қилди.

Шойгу Россия қуролли кучлари сонини 1,5 миллион ҳарбий хизматчига етказишни, шартнома асосида хизмат қилувчилар сонини 695 минг бўлишини истаяпти.

Август ойида Путин қуролли кучларнинг рухсат этилган сонини 2 039 758 нафар қилиб белгилаган эди, улардан 1 150 628 нафари ҳарбий хизматчилардир.

Шойгу нутқидан сўнг Путин унинг ташаббусига рози эканлигини айтиб, муҳокамани ёпиқ эшиклар ортида давом эттиришни таклиф қилди.

Шу йил кузда россиялик депутатлар ва сенаторлар армиядаги ҳарбий хизмат муддатини бир йилдан икки йилгача ошириш ғоясини муҳокама қилиш ташаббуси билан чиққан эди. Бироқ, ташаббус на президент маъмуриятида, на Мудофаа вазирлигида қўллаб-қувватланмади.

Ҳарбий хизматга чақирув ёши чегараларини ошириш Шойгунинг Путинга қилган ягона таклифи эмас. Хусусан, у «Россия чегаралари яқинида НАТО томонидан ҳарбий салоҳиятни ошириш истаги борлигини инобатга олган ҳолда» Россиянинг шимоли-ғарбий қисмида қўшинларнинг янги гуруҳини яратиш зарурлигини айтди.

Шунингдек, Шойгу ҳарбий сафарбарлик билан боғлиқ муаммоларни тан олди ва уларни сафарбарлик II Жаҳон уруши давридан бери амалга оширилмагани билан асослади. Сентябр ойида Путин эълон қилган сафарбарлик мақсадини «янги ҳудудларни ҳимоя қилиш» ва «кейинги ҳужумкор ҳаракатларни» амалга ошириш зарурати билан изоҳлади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид