Ўзбекистон | 20:12 / 22.12.2022
8144
2 дақиқада ўқилади

Пахта, кунгабоқар, маккажўхори ва соя ёғидан ташқари барча ўсимлик ёғларини экспорт қилишга рухсат берилди

Президент фармони билан 2024 йил 1 январга қадар Европа, Туркия, Миср ва Марокаш давлатларига газлама ва трикотаж мато маҳсулотларини экспорт қилишда транспорт харажатларининг 70 фоизгача қисмини компенсация қилишга субсидиялар тақдим этиш белгиланди.

«Тадбиркорлик субъектларининг экспорт фаолиятини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармони имзоланди.

Мазкур фармон билан экспортчи корхоналарни қўллаб-қувватлашнинг қуйидаги қўшимча чораларини жорий этиш назарда тутилмоқда:

Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан экспортолди молиялаштириш учун ажратиладиган ресурслардан берилган кредитларни ўз вақтида сўндириб келаётган тадбиркорлик субъектларига амалдаги кредитнинг сўндирилган қисмига мутаносиб равишда қўшимча кредитлар ажратиш имконияти яратилмоқда. Амалдаги қонунчиликка мувофиқ Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан ажратиладиган молиявий ресурслар ҳисобидан берилган кредитни тўлиқ сўндирмаган экспорт қилувчига молиявий ресурслар ажратилмаслиги белгиланган.

2024 йил 1 январга қадар Европа, Туркия, Миср ва Марокаш давлатларига газлама ва трикотаж мато маҳсулотларини экспорт қилишда транспорт харажатларининг 70 фоизгача миқдорида компенсация қилишга субсидиялар тақдим этилади.

Маълумот учун, 2022 йил январь-ноябрь ойларида 133 млн долларлик, шундан Европа давлатларига 20 млн доллар, Туркияга 3 млн долларлик газлама экспорт қилинган.

Пахта, кунгабоқар, маккажўхори ва соя ёғидан ташқари барча ўсимлик ёғларини экспорт қилишга рухсат берилади.

Мавзуга оид