Президент Администрацияси раҳбарининг жамоатчилик фикрини ўрганиш ва ахборот сиёсати учун масъул ўринбосари Саида Мирзиёеванинг жамиятда ўқитувчиларнинг ўрни, уларнинг мавқейини тубдан қайта кўриб чиқиш шартлиги, ўқитувчиларни касбий фаолиятидан ташқари турли мажбурий меҳнат ва оммавий тадбирларга жалб қилишга қарши маъмурий ва ҳатто жиноий жавобгарликка тортиш борасидаги ташаббуси нафақат мамлакатимизда, балки яқин қўшни давлатларда ҳам кенг жамоатчилик ва давлат арбоблари томонидан қўллаб-қувватланмоқда.
Саида Мирзиёева ўқитувчилар қадри, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳақида шундай деганди:
«Афсуски, фарзандларимизга таълим бераётган ўқитувчилар йиллар давомида ҳақ-ҳуқуқсиз, ҳимоясиз, қадрсиз бўлди. Улардан боғбон, фаррош, мактабга келган комиссияларга хизмат кўрсатувчи официант, зерикарли тадбирларда бўш залларни тўлдирувчи «массовка», матбуот нашрларига мажбурий обуначи, тунги навбатчи ва мактаб қоровули сифатида фойдаланилди.
Энди бу ишларни тўхтатиш вақти келди. Чунки ўқитувчилар қадрини кўтармас эканмиз, ҳеч нарсага эриша олмаймиз. Ўқитувчиларга вазифасидан ташқари ишларни юклайдиганларни маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортиш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ва тез орада қабул қилиниши кутиляпти».
Саида Мирзиёева ўқитувчининг қадри ҳам, қадди ҳам баланд бўлган жамият қуриш кераклигини, бутун жамият ўқитувчини ҳимоя қилиб, уни мажбурий меҳнатга, турли қўшимча ишларга жалб қилишга қарши турсагина, бунга эриша олиш мумкинлигини таъкидлаганди.
Унинг бу чиқишини биринчилардан бўлиб Россия Федерацияси Давлат думаси спикери ўринбосари Борис Чернишов ҳамда депутат Артём Кирянов ёқлаб чиқиб, Россия таълим тизимида ҳам ўқитувчиларнинг обрў-эътиборини юксалтириш чора-тадбирларини кўриб чиқиш лозимлигини таъкидлашган. Россияда келаси йил «Ўқитувчилар ва мураббийлар йили» деб эълон қилинган.
«Россияда педагог ва мураббийлар йили кириб келар экан, бу масалалар бизнинг мамлакат учун ҳам долзарб. Шунинг учун келгуси йилда биз ўқитувчиларимизни қўллаб-қувватлаймиз», дейди Чернишов.
Кирянов Саида Мирзиёеванинг ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб этишни бас қилишни таклиф қилган чиқиши барча ҳудудларда жамоатчилик эътиборини тортганини таъкидлайди.

















