Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ИИВ Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ сайти ҳакерлар ҳужумига учраганини рад этди
Интернетда ҳакерлар Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ сайти маълумотлар базасига бузиб кириб, йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳайдовчиларга нисбатан қўлланган мингдан ортиқ жарималарни ўчириб юборишгани ҳақида хабар тарқалди. ИИВ бу маълумот ҳақиқатга мос келмаслигини билдирди.
Телеграм-каналларида тарқалган хабарларда ҳакерлар жамоаси Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ сайтига ҳужум уюштириб, маълумотлар базасидаги жарималарга оид 60 мингта маълумотдан 27 мингтасини қўлга киритишгани, шундан мингдан ортиқ жарималар ўчириб юборилгани ҳақида сўз боради.
Хабарларга ҳайдовчиларнинг исм-шарифи, туғилган саналари, қандай автомобилда йўл ҳаракати қоидасини бузгани, қоидабузарлик тури, бунинг учун қўлланилган жарима миқдори, расмийлаштирилган баённома санаси ва бошқа маълумотлар акс этган скриншотлар илова қилинган.
Ички ишлар вазирининг матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов ижтимоий тармоқларда тарқалган маълумот ҳақиқатга мос келмаслигини билдирди.
“Ҳозирги кунда Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ сайти мавжуд эмас. 2018 йилда ИИББ ЙҲХБ сайтини юритиш учун тест режимида платформа ишлаб чиқилган, лекин ўрнатилган талабларга, шу жумладан хавфсизлик нормаларига жавоб бермаганлиги учун сайт фаолияти тўхтатилган.
Ички ишлар вазирлигининг барча расмий ресурсларининг хавфсизлиги тўлиқ таъминланган. Ижтимоий тармоқ фаолларидан асосланмаган хабарларни тарқатмасликларини сўраймиз”, дейилади Ғиёсовнинг телеграм-каналида эълон қилинган баёнотда.
2021 йил ноябрда ҳам Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг жарималар электрон базаси киберҳужумга учрагани ҳақида аудиоёзув тарқалганди. ЙҲХББ буни рад этиб, иккита база интеграция қилинаётгани сабабли “айрим носозликлар” рўй бераётганини билдирганди.
Шу йили 5 июль куни ҳам соат 14:05 дан 6 июль соат 12:30 гача Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармалари тасарруфидаги электрон тизимлар ишламай қолган, қарийб бир кунлик танаффусдан сўнг ЙҲХБ базаси фаолияти тикланганди.
Мавзуга оид
11:49 / 20.05.2026
5 минг сўмлик колбасалар: огоҳлантириш ва жарима етарли чорами?
18:55 / 15.05.2026
Тошкентда нотўғри «парковка» қилинган автомобиллар жарима майдонига олиб кетилади
11:36 / 14.05.2026
Юридик шахсларга жарима қўллаш тартиби ўзгаради
18:59 / 09.05.2026