Спорт | 19:31 / 23.12.2022
32181
4 дақиқада ўқилади

Суперлига бош ҳаками ўйинларга пул тикиш ва натижага таъсир ўтказгани учун ЎФА томонидан умрбод четлатилди

Ўзбекистон футбол ассоциацияси Этика қўмитасининг навбатдаги йиғилишида бир қатор масалалар кўриб чиқилди. 

Фото: Tribuna.uz

Жумладан, Ўзбекистон Суперлигаси, Про лига ва Биринчи лиганинг бир қанча учрашувларида бош ҳакам сифатида ишлаган Элёр Турсунов ўзининг таниши фуқаро Р.Саҳобутдинов орқали хорижий букмекерлик ташкилотлари вакиллари билан ўзаро тил бириктирган ҳолда ўйинларнинг натижасига таъсир ўтказиш ва тотализаторга пул тикиш орқали моддий манфаатдор бўлиб келган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон футбол ассоциацияси Этика қўмитаси Элёр Турсуновни Интизом кодексининг 5.60-банди билан айбдор деб топди ва унга нисбатан футбол билан боғлиқ фаолиятнинг барча туридан умрбод четлатиш жазоси тайинланди. Фуқаро Р.Саҳобутдинов ҳам Интизом кодексининг ушбу банди билан айбдор деб топилиб, ўрганиш ишларига ёрдам берганлиги ва бошқа енгиллаштирувчи ҳолатлар инобатга олиниб, унга нисбатан футбол билан боғлиқ фаолиятнинг барча туридан 2 йил муддатга четлатилиш жазоси белгиланди.

Шунингдек, бир қатор футболчилар келишилган ўйинларда иштирок этганликда гумон қилинаётганлиги ҳолати юзасидан «Машъал» томонидан юборилган мурожаатни ўрганиш натижасида қуйидагилар аниқланди:

Хусусан, футболчилар Cирожиддин Раҳматуллаев ва Никита Павленко хорижий букмекерлик фаолияти билан шуғулланувчи ташкилот вакиллари билан ҳамкорлик қилиб, келишилган ўйинларда қатнашишга ҳаракат қилганлиги аниқланди. Ушбу футболчилар Ўзбекистон футбол ассоциацияси Этика қўмитаси томонидан Интизом кодексининг 5.52, 5.53, 5.60-бандларига асосан айбдор деб топилиб, уларга нисбатан футбол билан боғлиқ фаолиятнинг барча туридан 1 йил муддатга четлатиш ҳамда жарима интизом жазоси тайинланган.

Шу билан бирга, «Машъал» ПФК футболчилари Равшанбек Ягудин ва Достонбек Тўхтабоев ЎФА Интизом кодексининг 5.53-бандига мувофиқ «Футбол бутунлигини (яхлитлигини) ҳимоя қилиш тўғрисидаги декларация» бандларини бажармагани, яъни спорт меъёрий ҳужжатларига зид бўлган ҳар қандай уриниш ёки бошқа ноқонуний хатти-ҳаракатлар тўғрисида Ўзбекистон футбол ассоциациясининг Футбол фаолиятини назорат қилиш бўйича махсус инспекциясини ўз вақтида хабардор қилмагани учун айбдор деб топилиб, ҳар бирига жарима жазоси тайинланди.

Бундан ташқари, 2010 йилда (U-12) туғилган тарбияланувчилар ўртасида «Профессионал футбол мактаблари лигаси» Ўзбекистон кубоги доирасидаги Тошкент вилояти ФММ — Хоразм вилояти ФММ ўртасидаги учрашувни бошқарган ҳакамлар М.Орзиддинов, Г.Бобомуродов ва М.Бегалиевга ўйинни «тўғри» бошқаришлари учун «Хоразм» ПФКнинг ёрдамчи мураббийи М.Абдуллаев томонидан 3 миллион сўм миқдорида пул маблағлари берилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон футбол ассоциацияси Этика қўмитаси томонидан бош ҳакам М.Орзиддиновга 2 йил муддатга, ҳакамлар Г.Бобомуродов ва М. Бегалиевларга 1 йил муддатга, «Хоразм» ПФКнинг ёрдамчи мураббийи M.Абдуллаевга эса 1 йил муддатга футбол билан боғлиқ фаолиятнинг барча туридан четлатиш интизом жазолари тайинланди.

«Ўзбекистон футбол ассоциацияси келишилган ўйинларни аниқлаш бўйича ОФК, «Спортрадар» ва бошқа тегишли ташкилотлар билан билан мунтазам равишда ҳамкорлик қилиб келаётганлигини маълум қилади. Ўз навбатида, келгусида аниқланадиган ҳолатлар юзасидан айбдор шахсларга нисбатан қатъий чоралар кўрилиши тўғрисида огоҳлантиради», - дея қайд ўтган ЎФА расмий сайти.

Мавзуга оид