Жаҳон | 00:27 / 23.12.2022
21242
2 дақиқада ўқилади

«Япония – Марказий Осиё» учрашуви Россия ТИВ томонидан танқид қилинди

Россия Ташқи ишлар вазирлиги Японияни Марказий Осиё ва Россия ўртасидаги иқтисодий алоқаларга путур етказаётганликда айблади.

Фото: ТАСС

Россия ТИВ матбуот котиби Мария Захарова Японияни Марказий Осиё ва Россия ўртасидаги узоқ йиллар давомида шаклланган иқтисодий алоқаларга путур етказаётганликда айблади.

Дипломат 24 декабр куни Токиода Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон делегатлари иштирокида «Япония - Марказий Осиё» вазирлар учрашувини ўтказиш режаларига шу тарзда изоҳ берди.

Захарованинг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар Японияга шундай сиёсатни юкламоқда. «Афтидан, Япония мустақил сиёсат юритиш қобилиятини йўқотиб, бутунлай чет эл манфаатларига хизмат қилишга ўтиб, Россияга ҳар томонлама босимни кучайтириш учун бошқа давлатларга ҳам худди шундай ролни юкламоқчи», деди у.

ТИВ вакилининг қўшимча қилишича, Москва Марказий Осиё давлатлари ва Осиё-Тинч океани минтақаси давлатлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришни ҳурмат қилади, аммо Токионинг тинч ҳамкорлик қилиш ниятига шубҳа қилади. Дипломатнинг сўзларига кўра, Япония жаҳон ҳамжамиятини Россияга қарши бирлаштиришни мақсад қилган.

«Япония – Марказий Осиё» учрашуви 24 декабр куни Токиода ўтказилади. Унда Япония ташқи ишлар вазири Ёсимаса Хаяси Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистондаги ҳамкасблари билан учрашади. Музокаралар давомида умумий ҳамкорлик, Марказий Осиё минтақасини барқарор ривожлантириш масаласи муҳокама қилинади.

Кун тартибидан халқаро муаммолар, жумладан, Украина ва Афғонистондаги вазият ҳам ўрин олган. Тадбир доирасида қатор икки томонлама учрашувлар ўтказилиши мўлжалланмоқда. Ушбу форматга 2004 йилда асос солинган.

Мавзуга оид