Ҳамсуҳбатим, ёши олтмишларга яқинлашиб қолган, ўз шевасида чиройли лутф билан сўзловчи киши эди. У билан суҳбатлашар эканман, зиёли инсонлиги билиниб турарди.

«Вилоят марказларидан бирида, эски шаҳар деб аталувчи қисмида яшаймиз. Биласиз, йирик шаҳарлардаги бундай мавзеларда тор кўчалар ва кичик ҳовлилар жойлашган. Менинг ҳовлим ҳам унча катта эмас, нари борса иккита оилани сиғдирса бўларди. Бир пайтлар ўғлим учун сотиб олинган бир ҳовлини деб анча можароларга дуч келганман», деб қолди.

Ҳаётда нима кўп, ҳовли ёки уй сотиб олиб турли ҳолатларга дуч келган инсонлар кўп. Шундай бўлса ҳам бу инсон қандай можарога дуч келгани менга жуда қизиқ туюлди. Ундан тафсилотларни сўрамоқчи бўлган эдим, ўзи гап бошлаб қолди:

«Мактабни тугатиб педагогика йўналишида ўқиганман. Узоқ йиллар мактабда ўқитувчи, сўнг директор бўлиб ишлаганман. Тўрт ўғлим ва икки қизим бор.

Мустақилликка энди эришган давримизда уйимга яқин мактаблардан бирида директор эдим. Мустақил бўлганимизда «озод бўлдик» деб энг кўп мен қувонганман.

Ўшанда қўл остимдаги ўқитувчиларга «Энди чопиққа чиқмаймиз, пахта термаймиз. Металлолом ва макулатура йиғмаймиз. Фақат таълим бериш билан банд бўламиз» деганман.

Аммо чучварани хом санаган эканман. 1992 йил 1 сентябрдан ўқув мавсуми бошланди. Сентябрнинг охирига бориб ўқувчиларни пахтага олиб чиқишимиз ҳақида буйруқ (!) келди.

9, 10 ва 11-синфлар билан ноябр ойи ўрталаригача пахта даласида бўлдик. Пахтадан қайтганимиздан сўнг металлолом ва макулатура режаларини ҳам беришди.

Ўшанда ўқитувчиларга «энди ўзимизга тегишли бўлмаган ишлардан озод бўламиз» деб катта гапириб қўйганим учун уларнинг юзига қарай олмасдим. Қолаверса, мустақилликдан кейин ўқитувчиларга бўлган муносабат яхшиланиш ўрнига ёмонлашгани руҳиятимга ёмон таъсир қилди. Охири бўлмади, ариза ёзиб ишдан бўшадим.

Директорликни топширганимдан сўнг катта оилани қандай боқиш муаммоси кўндаланг бўлди. Ўша кезларда ўзим ўқитган йигит вилоятимиз марказидан Москвага қатновчи поездда вагон кузатувчиси бўлиб ишларди.

Камбағал оиланинг фарзанди бўлган бу йигитга ўқувчилик йилларида анча ёрдамим текканди. Ишдан бўшаганимни эшитиб қидириб келибди. У менга жўяли бир таклиф берди:

«Устоз, ишдан бўшаганингизни эшитдим. Таълим тизимида ҳеч нарса ўзгармаган бўлса, бошқа соҳаларда ўзгаришлар бўлган. Ҳозир олдингидай ОБХСС (Совет даврида милициянинг социалистик мулкка зарар етказувчиларга қарши кураш бўлими шундай деб аталарди) йўқ. Одамлар бемалол олди-сотди қилиб юрибди. Хўп десангиз сизга ёрдам бераман. Бозордан 5-6 хил нарсаларни олиб сумкаларга жойлайсиз, кейин Москвагача билет оласиз. Йўлда нарсаларингизни сотиб борасиз. Қайтишда ўзимизда тақчил бўлган нарсаларни олиб келасиз, ундан ҳам яхши қолади».