«Ўзгидромет» ҳафталик об-ҳаво тўғрисида маълумот берди
Бугун ва эртага Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида ёғингарчилик кутилмайди.
"Ўзгидромет" хабарига кўра, Туркманистон ҳудудидан нам ва илиқ ҳаво кириб келишида фақат Бухоро, Навоий, Самарқанд, Қашқадарё вилоятларида баъзи жойларда кучсиз ёмғир ёғади, шимолда ва чўл ҳудудларда бироз ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлиши мумкин.
Кундузи ҳаво ҳарорати 7-12 даража илиққача, баъзи жойларда 15 даража илиққача кўтарилади.
28 декабрда нам ҳаво массаси жанубий вилоятлардан республиканинг марказий ҳудудларига силжийди. Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятларида баъзи жойларда бироз ёмғир ёғади, қолган ҳудудларда ёғингарчилик кутилмайди. Ҳаво ҳарорати кечаси 2 даража совуқ-3 даража илиқ, кундузи 5-10 даража илиқ атрофида бўлади.
29-30 декабрь кунлари республика бўйича ёғингарчилик бўлиши эҳтимоли кам. Ҳарорат кечаси 2 даража совуқ-3 даража илиқ атрофида бўлади, кундузи ҳарорат 2-7 даража илиққача пасаяди.
Республика бўйича баъзи жойларда туман тушади. Ушбу ҳафтада тоғолди ва тоғли ҳудудларда вақти-вақти билан ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади.