Жаҳон | 21:44 / 26.12.2022
20901
2 дақиқада ўқилади

Путин Медведевни янги лавозимга тайинлади 

Дмитрий Медведев Путиннинг Ҳарбий-саноат комиссиясидаги биринчи ўринбосари бўлди. 

Фото: Коммерсантъ

Шунингдек, Медведев Россия Хавфсизлик Кенгашида ҳам худди шундай лавозимни эгаллайди. Россия президентининг тегишли фармонига кўра, энди унинг ваколатларига Путин ўрнига йиғилишлар ўтказиш ва комиссия таркибида ишчи гуруҳлар тузиш киради. 

Шунингдек, ушбу фармон билан Путин 2020 йилгача Федерал монополияга қарши хизматни бошқарган Михаил Мишустиннинг ёрдамчиси Игор Артемиевни комиссия таркибидан чиқарди. Комиссия ва унинг коллегияси таркибига Медведевдан ташқари Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбари Александр Куренков ҳам кирди. 

Ҳарбий-саноат комиссияси, бошқа нарсалар қаторида, федерал идораларга қурол ишлаб чиқиш ва ишлаб чиқариш билан боғлиқ кўрсатмалар беради. Бундан ташқари, комиссия мансабдор шахсларнинг қурол ишлаб чиқариш билан боғлиқ вазифаларини лозим даражада бажармаганлиги учун шахсий жавобгарлиги тўғрисида қарор қабул қилади. 

Илгари Дмитрий Медведев ҳарбий-саноат комплекси билан боғлиқ лавозимларда ишламаган.

Россиянинг Украинага босқини бошланган 24 февралдан кейин Медведев фаолияти асосан Украинадаги урушни шарҳлашга қаратилган эди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид