Жаҳон | 11:15 / 26.12.2022
19727
3 дақиқада ўқилади

Россиянинг Энгелс шаҳридаги ҳарбий аэродромида яна портлашлар юз берди

5 декабрда ҳам бу ерда портлаш содир бўлганди.

Фото: Getty Images

Узоқ масофага учувчи стратегик авиация қисмлари жойлашган Энгелс шаҳридаги (Саратов вилояти) аэродром яқинида яна портлашлар содир бўлган. Бу ҳақда Россия оммавий ахборот воситалари маҳаллий нашрларга таяниб хабар бермоқда.

Россия қўшинлари бу аэродром орқали Украинани узоқ масофадан туриб қанотли ракеталар билан бомбардимон қилиб келган.

Россиянинг машҳур “База” Телеграм-каналига жойлаштирилган видеода сирена товушлари ҳам эшитилган. Шунингдек, уч киши ҳалок бўлгани ва яна тўрт киши жароҳат олиб, касалхонага юборилгани айтилган.

Тармоқларда тарқалган портлаш видеога ёзилган шарҳларда гувоҳлар икки марта портлаш юз берганини айтган.

Расмийлар ҳам портлаш ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди. Саратов области губернатори Роман Бусаргин ўзининг Телеграм-каналида пост жойлаштирди, унда айтилишича, ҳарбий объектдаги воқеага оид маълумотлар ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан текширилмоқда.

Губернаторнинг ёзишича, шаҳарнинг аҳоли яшаш жойларида ҳеч қандай фавқулодда вазиятлар рўй бермаган, фуқаролик инфратузилмаси шикастланмаган. Унинг алоҳида таъкидлашича, аҳоли шаҳардан эвакуация қилингани ҳақидаги барча хабарлар мамлакат чегараларидан ташқарида яратилган очиқча ёлғон.

Россия мудофаа вазирлиги маълум қилишича, аэродромга учиб келаётган Украина дрони уриб туширилган ва дрон қолдиқлари қулаши сабаб уч россиялик ҳарбий ҳалок бўлган.

Дрон ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари томонидан уриб туширилган, авиация техникасига ҳеч қандай зарар етказилмаган, дея қўшимча қилган вазирлик.

Украина томонидан назорат қилинувчи энг яқин ҳудуддан тахминан 700 км узоқликда жойлашган Энгелс аэродроми 5 декабр куни ҳам Украина Қуролли кучлари ҳужумига учраган эди. Кейинроқ, Россия Мудофаа вазирлиги ушбу зарба дронлар ёрдамида амалга оширилганини маълум қилди. Бу хабар кўпчилик томонидан шубҳа остига олинди. Украина расмийлари, одатдагидек, рус қўшинларининг орқа қисмидаги диверсияда ўзларининг тўғридан тўғри иштирокини тан олмади.

Россия Мудофаа вазирлиги ушбу портлаш оқибатида уч киши ҳалок бўлгани ва тўрт киши жароҳат олганини маълум қилган эди.

Декабрь ойи ўрталарида журналист Пётр Козлов Substack ва инглиз тилидаги «Moscow Times» газетасига ўз манбаларига таяниб, Россия президенти Владимир Путин Россиянинг чуқур ички ҳудудларига берилган зарбалардан сўнг ўзининг йиллик катта матбуот анжуманини бекор қилганини айтди. Россия президенти ҳарбийлардан ушбу тадбир пайтида ҳам шундай зарба берилмаслиги бўйича кафолат ололмаган ва тадбирни ўтказмасликка қарор қилган.

Мавзуга оид