Иқтисодиёт | 19:37 / 27.12.2022
42879
5 дақиқада ўқилади

«Мингга яқинини алмаштирдик» – Қўчқоров иштирокида ҳоким ёрдамчилари фаолияти юзасидан очиқ мулоқот ўтказилди

27 декабр куни бош вазир ўринбосари, иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров ҳоким ёрдамчилари фаолияти юзасидан журналистлар билан очиқ мулоқот ўтказди. Kun.uz савол-жавобларни жамлади.

Фото: KUN.UZ

Kun.uz: Ҳоким ёрдамчиларига янгидан-янги (30 дан ортиқ) вазифалар юкланди. Бугунги сессияда ҳам 2023 йилда ҳоким ёрдамчиларига янги вазифалар ишониб топширилиши айтилди. Бу уларнинг иш самарадорлиги пасайишига олиб келмайдими?

Жамшид Қўчқоров: Ҳоким ёрдамчиларига вазифалар юклашга эҳтиёт бўлиб ёндашамиз. Агар кимгадир у бажара олмайдиган вазифаларни юклайдиган бўлсангиз, у кўзбўямачилик билан шуғулланишни бошлайди. Президент бизга ҳоким ёрдамчиларининг ишига ёлғон аралаштирмаслик вазифасини берган. Ҳоким ёрдамчиларига ҳали жуда кўп эмас-у, анча ишни топширсак бўлади. Улар ҳали унақа босимни сезяпти деб ҳисобламайман. Иш ҳақи анча-мунча яхши.

Биз биринчи йилдан кўра бундан кейинги йилларда ҳоким ёрдамчиларидан янада кўпроқ малака талаб қиладиган ишларни талаб қилишни йўлга қўямиз. Ҳоким ёрдамчиси кредит олган одамнинг кейинги лойиҳасида, кейинги босқичда ҳам ёрдам бериши керак деб ҳисоблаймиз. Шу томонга қараб силжишимиз керакдир. Лекин қандай қилиб 9 минг ҳоким ёрдамчисини бунга ўргатиш мумкин? Бунинг йўли – унификация. Уларга бажара олмайдиган ишини юкламаймиз. Фикримча, ҳозир уларнинг қувватига босим 100 фоиз тугул, 95 фоиз ҳам эмас.

Отабек Қўлдошев, Daryo.uz мухбири: Ҳоким ёрдамчиларида чекка ва шароити энг оғир ҳудудларда ҳам оилавий корхоналарни ташкил қилиш топшириғи бор. Минг афсуски, бу ҳудудларда ҳоким ёрдамчиси бу ишни қилишни хоҳлайди, аммо имкони йўқ. Шунинг учун, ҳоким ёрдамчилари ҳудудга бормасдан ДХМлар орқали оилавий корхона ташкил қилиб қўйяпти. Амалда умуман фаолият юрмаётган, ўзи ҳам бўлмаган ҳолатлар бор. Бунақа топшириқлар берганда ҳудудлар шароитини инобатга олиш керак эмасмикан? Бу саноқда бор-у, рўйхатда йўқ корхоналарга ўхшаш ёлғонларга йўл очиб бермаяптими?

Жамшид Қўчқоров: Биринчидан, имконият доирасида биринчи йили маълум ҳоким ёрдамчилари фаолиятини баҳолаш кўрсаткичларини киритганмиз. 1 январдан уларнинг айримларини ўзгартиряпмиз. Президентимиз туманларни 5 тоифага бўлинглар дедилар. Ҳудудлар тоифаларига қараб солиқ ставкалари ҳам ҳар хил бўлади.

Биз шу ишимизни бошлаганимизда ҳоким ёрдамчиларининг ишига ёлғон аралаштирмасликка қаттиқ эътибор берганмиз. Ҳар сафар шу нарсани текширамиз. Қўшиб ёзишлар борасида нафақат ичимизда, балки раҳбарларга ҳисобот берганда ҳам жавоб берамиз. Мисол келтираман: ўша баҳолаш кўрсаткичларида ҳоким ёрдамчиларининг одамларни касб ўрганиш учун ўқишга юборганлар сонини ҳам қўшган эканмиз. Биз ўқишга жўнатишимиз мумкин, аммо у ўқийдими? Мана бу бошқа масала. Шу сабаб ҳоким ёрдамчилари фаолияти баҳоланаётганда бу баҳолаш механизмини чиқариб ташласак, адолатли бўлар экан.

Биз камчиликларимиздан уялмаймиз. Танқидни ҳам тўғри қабул қиламиз. Қайта-қайта айтаман, умуман олганда ҳоким ёрдамчиларининг мингга яқини, яъни 9300дан 998 нафарини алмаштирдик. Биз бу бўйича ишларни тўхтовсиз давом эттиришимиз керак.

Тоштемир Худойқулов, «Ўзбекистон овози» газетаси мухбири: Мурожаатлар бўйича жойларга борганимизда ҳоким ёрдамчилари борлигини билишмайди. 9300дан ортиқ ҳоким ёрдамчисидан қанчаси хонадонларга кириб уларнинг дардини эшитди, сизда аниқ рақамлар борми? Шунча ҳоким ёрдамчисининг  ишини назорат қила олмаймиз дедингиз, аммо замонавий технологиялар бор-ку. Яна умуман бегона маҳаллага ҳоким ёрдамчиси бўлиб боряпти.

– Бегона маҳаллага ҳоким ёрдамчиси бўлиб боришида ёмон тарафини кўрмаяпман. Хафа бўлманг-у, саволингизда мантиқ кўрмаяпман. Иккинчидан, балки шундай маҳаллалар бордир, сиз айтгандек ҳоким ёрдамчилари кирмаган. Сиз айтгандек янги технологиялардан фойдаланяпмиз: июнь ойларида ҳар бир ҳоким ёрдамчисига планшет тарқатдик. Яъни, планшетни илова ва дастурлар билан тўлдириш керак. «Online Mahalla» деган дастур ишлаб чиқдик. Маълум идораларга уланиш, маълум маҳсулотни сотиб олиш ёки сотишда имкониятга эга бўлди.

Ҳаммамиз ҳам ижобий ўзгариш тезроқ бўлишини хоҳлаймиз. Бир мисол келтирсам. Қоракўл туманининг Жиғачи қишлоғида бўлдик. Атроф чўл, бир ҳоким ёрдамчисини кўрдим, у экспортёрни олиб келиб, помидор экишга кўникмаси бўлган одамларни бир хил помидор экишга ўргатган. 6-8 гектар ер бор эди, шунга ҳам помидор экишяпти. Экспортёр помидор уруғини ўзи берган. У одамлардаги бор кўникмани профессионаллаштирган.

Тўлқин Ёрқулов, «Маҳалла» радиоканали мухбири: Ўтган даврда ҳоким ёрдамчилари фаолиятини 10 баллик тизимда қандай баҳолайсиз? 

Жамшид Қўчқоров: Энди ўзимни ўзим баҳолашим тўғри бўлмайди. Менга баҳони бош вазир, ё администрация раҳбари беради. Баҳолашдан қочяпти демасликларингиз учун четда турган одам сифатида 7 баллар қўйган бўлардим, деди Қўчқоров.

Мадина Очилова тайёрлади

Мавзуга оид