Жаҳон | 14:26 / 27.12.2022
16667
12 дақиқада ўқилади

Юзлаб жиноий ишлар ва қатағонлар. Уруш Россиядаги сўз эркинлигига қандай таъсир қилди?

2022 йил Россия учун нафақат уруш билан, балки кенг кўламли сиёсий репрессиялар билан ҳам эсда қолди.

Рассом Саша Скочиленко Фото: AP / Scanpix / LETA

Украинага қарши кенг кўламли урушни бошлагач, Россия ҳукумати мухолиф фикрдаги фуқаролар ва мустақил оммавий ахборот воситаларига қарши ички репрессияни сезиларли даражада оширди. «ОВД-Инфо» нашри маълумотларига кўра, 2022 йил давомида 20 мингдан ортиқ киши сиёсий сабабларга кўра ҳибсга олинган, урушга қарши чиқиш айби билан 378 та жиноий иш очилган, 210 мингдан ортиқ веб-сайтлар блокланган.

Қўлга олиш ва зўравонлик

2022 йилнинг 1 январидан 14 декабрига қадар Россияда сиёсий сабабларга кўра 20467 та қамоққа олиш ҳолати қайд этилган (шундан 19478 нафари урушга қарши позиция учун). Бу рақамларга кўча намойишлари пайтида ёки ундан кейин, шунингдек, интернетдаги ёзувлари ёки алоҳида давралардаги суҳбатлари учун ҳибсга олинганлар киради. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг ҳисоб-китобларига кўра, йил бошидан буён атиги 25 кун ҳеч қандай сиёсий қамоққа олишларсиз ўтган.

Шунингдек, полиция байрам ва бошқа тадбирларда профилактик қамоққа олиш тактикасини жорий қилди. Москва метросидаги кузатув камераларига ўрнатилган юзни таниш тизими орқали 141 киши қўлга олинди.

Ҳуқуқ-тартибот ходимлари намойишчиларга қарши зўравонликдан фаол фойдаланди. Улар баҳор ва куздаги урушга қарши намойишлар пайтида одамларни ерга йиқитишди, асфальтга ётқизишди, дубинкалар билан калтаклашди, бўғишди, уларнинг қорнига, юзига, кўзига тепишди, бошларини деворга уришди, қўлларини боғлаб, қайиришди.

«ОВД-Инфо» саккиз ярим мингга яқин аёллар турли кўринишда урушга қарши чиққани учун маъмурий қамоқ жазоси олганини қайд этган. Бу исмлари маълум бўлган барча маҳбусларнинг тахминан 45 фоизини ташкил этади.

Қўлга олинган намойиш қатнашчилари орасида аёллар улуши сезиларли даражада ошган. 2021 йилда Алексей Навалнийни қўллаб-қувватловчи митингларда бу кўрсаткич 25-31 фоизни ташкил этган бўлса, 2022 йилда сафарбарлик эълон қилинганидан кейин бошланган 21 ва 24 сентябрдаги намойишларда бу миқдор мос равишда 51 ва 71 фоизни ташкил қилган.

Полиция қамоққа олинганларга ёрдам бераётган адвокатларга ҳам босим ўтказмоқда. «ОВД-Инфо» маълумотларига кўра, 24 февралдан буён адвокатларга рухсат бермаслик ёки бошқа турдаги босимлар (шу жумладан таҳдид ва куч ишлатиш) ўтказиш бўйича камида 275 ҳолат қайд этилган.

Жиноий ва маъмурий жавобгарликка тортиш

Уруш бошланганидан кўп ўтмай, Россия армиясини «обрўсизлантириш» (280.3) ва у ҳақда «фейк» (207.3) маълумотлар тарқатиш ҳақидаги моддалар Жиноят кодексида пайдо бўлди ва урушга қарши фаолларни жиноий жавобгарликка тортиш учун кенг қўллана бошланди.

2022 йил 19 декабр ҳолатига кўра, «урушга қарши иш» айби билан 69 ҳудуддан жами 378 киши судланган. «ОВД-Инфо» бу ҳудудлар қаторига Қрим ва Севастополни ҳам қўшган, чунки Россия бу ерлар назоратини ўз қўлида ушлаб турибди ва бу минтақалардаги инсон ҳуқуқлари бузилиши учун жавобгар ҳисобланади. Юқоридаги айб билан судланганлар орасида 79 нафар аёл ва 7 нафар вояга етмаган шахс бор.

Жиноят кодексидаги янги моддалар бўйича аллақачон 51 кишига ҳукм чиқариб бўлинган. Ҳибсга олинганлар орасида собиқ муниципал депутатлар Алексей Горинов ва Илья Яшин ҳам бор, улар урушга қарши баёнотлари учун мос равишда 6 йилу 11 ой ва 8,5 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Армияни «обрўсизлантириш» моддаси бўйича ҳам фуқаролар фаол равишда маъмурий жавобгарликка тортилмоқда.

Жиноят кодекси билан қаторда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ҳам бир қатор янги моддалар киритилди. Булар 20.3.3 (Россия федерацияси қуролли кучларидан фойдаланишни обрўсизлантиришга қаратилган оммавий ҳаракатлар) ва 20.3.4 (Россия Федерациясига нисбатан чеклов чораларини қўллашга чақириқлар) моддаларидир.

«Медиазона» нашри ҳисоботида айтилишича, 19 декабр ҳолатига кўра, армияни «обрўсизлантириш» маъмурий моддаси бўйича 5518 та иш қўзғатилган. Шунингдек, биринчи инстанция судлари томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 20.3.4-моддаси билан камида бешта иш кўриб чиқилган.

Ҳуқуқ-тартибот органлари Украинадаги уруш билан боғлиқ ҳар қандай фикр ифодасини армияни «обрўсизлантириш» дея баҳоламоқда. Жумладан, митингни «сукунат билан қўллаш», ҳарфлар ўрнига юлдузчалар қўйилган баннер ёки колбаса пачкалари билан бир кишилик пикет уюштириш, постлар, репостлар, хатлар, ижтимоий тармоқлардаги сурат ва видеолар, байроқлар, кийим-кечаклар предметлари, татуировка ва бошқалар одамларни ҳибсга олиш учун асос бўляпти.

Қолаверса, бўш оқ варақалар кўтариш, жамоат жойларида урушга қарши суҳбатлар ўтказиш, ватанпарварлик тимсолларини бузиб кўрсатиш, деворларга ёзув ва граффити ёзиш ҳамда шахснинг урушга қарши позициясини аниқ англатмайдиган бошқа ифода шакллари учун ҳам жавобгарликка тортиш ҳолатлари мавжуд.

Россия ҳукумати бир йил ичида 22 та репрессив қонунни қабул қилди. Хусусан, декабр ойида кўплаб жамоат жойларида, жумладан, вокзаллар, таълим муассасалари бинолари ва ҳудудлари, тиббиёт ташкилотлари, ижтимоий таъминот муассасалари, болалар ва спорт майдончалари ҳамда бошқа жойларда йиғилишларни чеклаш тўғрисида қонун қабул қилинди.

Бошқа юқори даражадаги сиёсий айбловлар

Коррупцияга қарши курашиш фонди ва Навалний штаби билан боғлиқ «экстремистик жамоа» иши бўйича камида 23 киши айбланди. Беш киши, жумладан, Алексей Навалнийнинг ўзи ва фонднинг собиқ оператори Павел Зеленский айни вақтда бошқа айбловлар бўйича қамоқ жазосини ўтамоқда.

22 март куни Навалний фирибгарлик айби билан 9 йил муддатга қаттиқ режимли колонияда қамоқ жазосини ўташга ҳукм қилинди. Унга қарши яна камида ўнта жиноий иш қўзғатилиб, биттага бирлаштирилди. Колонияда мухолифатчи тўққиз марта жазо изоляторига жўнатилди ва у ерда жами 90 кун ўтказди.

«Новая газета» журналисти ва «Диссернет» асосчиларидан бири Андрей Заякин Коррупцияга қарши курашиш фондига минг рубл ўтказгани учун экстремистик фаолиятни молиялаштириш (Жиноят кодексининг 282.3-моддаси 1-қисми) моддаси бўйича жиноий жавобгарликка тортилди. Журналист мамлакатни тарк этди. Россияда у қидирувга берилган ва сиртдан ҳибсга олинган.

«Первый отдел» ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти маълумотларига кўра, 2022 йилда давлатга хиёнат қилишда гумон қилиниб, камида 20 киши ҳибсга олинган ва улардан 11 нафарига ушбу модда билан ҳукм ўқилган. Энг узоқ қамоқ жазоси журналист Иван Сафрановга берилди. У 22 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Энг кам муддатни эса физик Александр Луканин олди, у 7,5 йилга қамалди. Давлатга хиёнатда айбланганлар энг кўп физика соҳаси вакиллари бўлди.

Давлатга хиёнат қилиш иши бўйича қонунчилик янада қатъийлаштирилмоқда. Давлат думаси Жиноят кодексига «давлат хавфсизлигига таҳдид» бўйича бир нечта янги моддаларни қўшди. Масалан, кодексга хорижий давлатлар билан «яширин» ҳамкорлик қилиш, давлат хавфсизлигига қарши қаратилган ҳаракатларга оммавий чақириқлар каби моддалар қўшилди, диверсия учун умрбод қамоқ жазоси белгилаш ва уни терроризм билан тенглаштириш каби ўзгаришлар амалга оширилди.

«Сoва» таҳлил маркази маълумотларига кўра, 2022 йилда Жиноят кодексининг 354.1-моддаси («Нацизмни реабилитация қилиш») билан 21 кишига ҳукм чиқарилган. Ушбу модда бўйича 11 нафар шахсга нисбатан очилган иш эса тўхтатилган.

Украинада уруш бошланиши билан «нацизмни реабилитация қилиш» бўйича айбловлар сони кескин ошди. Ҳуқуқ фаоллари фикрича, бундай айбловларнинг аксарияти ноқонуний равишда қўзғатилган ва уларни жиноий эмас, балки фуқаролик тартибида ҳал қилиш керак.

2022 йил давомида 20.3-моддаси (Нацистлар ёки экстремистик ташкилотлар рамзларини тарғиб қилиш ёки оммавий намойиш қилиш) билан 106 марта ноқонуний жавобгарликка тортиш ҳолати қайд этилган. Бундай ўзбошимча айбловларнинг катта қисми Украина билан боғлиқ — «Слава Украина» шиори, «Червона калина» ва «Байрактар» қўшиқларини Қримдаги судлар экстремистик ташкилотларининг рамзлари сифатида талқин қилган.

«Чет эл агентлари», «экстремистлар» ва «номақбул шахслар»

Йил давомида Адлия вазирлиги томонидан 75 материал экстремистик материаллар реестрига киритилди. Россия судлари томонидан камида ўнта ташкилот, жумладан, «Весна», «1АДАТ» ва «СССР фуқаролари» ҳаракатлари «экстремистик» деб эълон қилинди.

16 декабр ҳолатига кўра, 2022 йил давомида Адлия вазирлиги томонидан 176 ташкилот ва шахслар «хорижий агент» деб топилган. «Хорижий агентлар»нинг 18 фоизи Россияда жиноий жавобгарликка тортилган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди Россиянинг «хорижий агентлар» тўғрисидаги қонунларини халқаро стандартларга зид деб атаганига қарамай, ҳукумат уларни қатъийлаштиришни давом эттирмоқда. Масалан, «хорижий таъсир» тўғрисидаги янги қонунни қабул қилиш орқали.

Йил давомида Россияда 23 та ташкилот «номақбул» деб топилди. Мухолифатчи Андрей Пивоваров «номақбул ташкилот» фаолиятини амалга ошириш (Жиноят кодексининг 284.1-моддаси) моддаси бўйича тўрт йилга озодликдан маҳрум этилди. Сиёсатчи Владимир Кара-Мурза ҳам худди шу модда билан айбланди.

2022 йилда судлар томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 20.33-моддаси («номақбул ташкилот» фаолиятида иштирок этиш) бўйича камида 79 иш кўриб чиқилиб, 42 марта маъмурий жазо қўлланган.

Оммавий ахборот воситаларини блоклаш ва таъқиб қилиш

«Роскомсвобода» маълумотларига кўра, 2022 йилнинг 1 январидан 16 декабрига қадар Россияда 210 450 сайт блокланган, улардан 9 208 таси «ҳарбий цензура» сабаб ёпилган. 24 февралдан сўнг «Роскомнадзор» оммавий ахборот воситаларидан Украинадаги уруш ҳақида фақат Россия мудофаа вазирлигининг расмий маълумотларини эълон қилишни ва «махсус ҳарбий операция» атамаси ўрнига «уруш» ёки «босқин» сўзлари ишлатилган материалларни олиб ташлашни талаб қилди.

Йил давомида Россиядаги деярли барча мустақил оммавий ахборот воситалари ёпилди, блокланди ёки ҳокимият томонидан бошқа босимларга дуч келди. «Важные истории», The Insider ва OCCRP тадқиқотчи журналистлар халқаро ассоциацияси «номақбул ташкилотлар» деб эълон қилинди. 90 нафар журналист «хорижий агент» деб топилди. Маълумотларга кўра, 24 февралдан кейин 500 дан ортиқ журналист Россияни тарк этишга мажбур бўлган.

Камида 34 нафар журналист «урушга қарши иш»да айбланган. 12 журналистга нисбатан туҳмат ва товламачилик моддалари бўйича иш очилган. Камида 26 марта мустақил оммавий ахборот воситалари ёки уларнинг бош муҳаррирлари «фейк хабарлар» тарқатгани ёки Россия армиясини «обрўсизлантиргани» учун жаримага тортилган. 2022 йилги тинч намойишларни ёритиш жараёнида журналистлар жами 140 марта ҳибсга олинган. Камида 17 журналист суддан ташқари таъқибга учраган.

Муҳаммадқодир Собиров
Тайёрлаган Муҳаммадқодир Собиров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид