Жаҳон | 23:41 / 28.12.2022
33308
12 дақиқада ўқилади

Россия ҳарбий доираларидаги бўлиниш. Пригожин Герасимовга ҳам ҳужум қилмоқда

Украинанинг Бахмут шаҳри учун жангларда қатнашаётган «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси (ХҲК) ёлланма аскарлари Россия қуролли кучлари Бош штаби бошлиғини фронт чизиғига ўқ-дорилар етказиб бермасликда айблаб, унга ҳақоратли мурожаат йўллади. ХҲК асосчиси ва раҳбари Евгений Пригожин ўз жангчиларини қўллаб-қувватлади. Бу Украинадаги урушда қатнашаётган турли рус хавфсизлик кучлари ўртасидаги биринчи қарама-қаршилик эмас. Путин бошлаган урушнинг ўн биринчи ойига келиб бундай низолар одатий ҳолга айланди.

Евгений Пригожин ва Валерий Герасимов / Фото: TASS/BBC

«Бош штаб бошлиғига! Сен *****сан ва черт *******сан. Бизда снарядлар йўқ, у ерда йигитлар биз учун жон беряпти, биз эса бу ерда ўтирибмиз, уларга ёрдам бера олмаяпмиз», дея видеомурожаат йўллаган икки юзи ёпилган, камуфляж либосидаги «Вагнер» жангчилари. 

Улар ҳаяжон билан снарядлар йўқлигидан нолиган ва яна Бош штаб раҳбарига юзланган.

«Биз бу ерда, Бахмут остонасида бутун Украина армиясига қарши курашяпмиз, сен қаердасан? Бизга ёрдам бер, ахир. Сени фақат бир сўз билан аташ мумкин — *****. Бизнинг йигитлар ўлаётган пайт сизлар ҳаммангиз қаердасизлар?» дея қўшимча қилган ёлланма жангчилар.

26 декабр куни «Вагнер» компанияси билан боғлиқ Телеграм-каналларда Россия Бош штаб бошлиғи, армия генерали Валерий Герасимовга йўлланган ушбу мурожаат тарқала бошлади.

Сўнгги ойларда ёлланма қўшинлар раҳбарлари ва Россия ҳарбий қўмондонлиги ўртасидаги бундай низолар одатий ҳолга айланди, аммо ҳозиргача вагнерчилар генерал Герасимовга қарши бундай кескин гапиришга журъат қила олмаганди.

Шу сабаб бу видео тарқалиши билан кўплаб ҳарбий-ватанпарварлик каналлари видеони «украин миллатчилари» провокацияси ёки «Украина ахборот ва психологик операциялар маркази иши» деб атади.

Украина ахборот ва психологик операциялар маркази телеграмдаги рус ватанпарвар-пропаганда сегментида Россия армияси муваффақиятсизликлари билан боғлиқ барча ҳолатларни уюштирувчи кучлар сифатида кўрсатилади.

«Вагнер» асосчиси, петербурглик тадбиркор Евгений Пригожин ушбу видеомурожаат ҳақиқийлигини тасдиқлашга шошилмади.

«Мен вазиятни яхши биламан ва бу маълумотни ОАВ учун изоҳлашнинг ҳожати йўқ деб ҳисоблайман», — дея Пригожиннинг сўзларини етказди унинг матбуот котиби.

Аммо 26 декабр куни кечқурун Пригожин видеони ёзиб олиш ортида «Украина миллатчилари» тургани ҳақидаги версияни рад этди ва у билан боғлиқ каналларда қуйидаги овозли хабар эълон қилинди: «Сизнинг саволингизга жавоб бериш учун мен шахсан йигитлар ёнига бордим. Сиз ҳозир украиналик миллатчилардан бирортасини кўрдингизми? Мен ҳам кўрмадим. Бизнинг ва уларнинг асосий вазифаси Бахмутни қўлга киритиш. Менимча Бахмутни эгаллашимизга яқин қолди. Афсуски, ҳар қадамда пайдо бўладиган муаммоларга келсак, умид қиламанки, биз уларни ҳал қиламиз. Ва ҳал қилишга мажбур қиламиз. Ўша шов-шувли видеода украиналик миллатчилар йўқ».

Аудиоёзувга қўшимча равишда эълон қилинган қисқа видеода Евгений Пригожин ҳарбий бошпанада туриб, ёлланма аскарларни яқинлашиб келаётган янги йил билан табриклаган ва хона иссиқ эканлигини айтган.

«Иссиқ, қуруқ, ҳеч қаердан ҳеч нима томчиламайди, ҳамма нарса бор», дея унинг гапини маъқуллаган ёлланма жангчилар.

Бахмут — иккинчи Верден

«Менимча, бу мудофаа вазирлиги ва Пригожин ўртасидаги зиддият. Ва у тобора кучайиб бормоқда», деган ҳозирда фронтнинг бошқа томонидан жанг қилаётган собиқ вагнерчи. У ўз исми сир сақланиши эвазига BBC нашри билан суҳбатлашишга рози бўлган.

Сўнгги бир неча ойдан бери «Вагнер» асосчиси ўзининг ҳужум отрядлари армия тузилмаларига қараганда самаралироқ эканини кўрсатишга ҳаракат қилмоқда. Аммо армия қўшинлари билан солиштирганда ёлланма аскарлар ҳаракатлари муваффақиятлироқ экани аниқ эмас.

Афтидан, «Вагнер» асосчисининг Россия сиёсатидаги таъсири ортиб бормоқда. 
Фото: OLGA MALTSEVA/AFP

Баҳор ўрталарида вагнерчилар 20 минг аҳоли яшовчи Попасная шаҳрини деярли бир ой давомида ўққа тутди ва уни ер билан яксон қилди. Попасная босиб олингач, Украина президенти Володимир Зеленский шаҳардан «ҳатто кул ҳам қолмагани»ни айтиб ўтди. Ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган «Луҳанск халқ республикаси» ҳукумати эса Попасная «деярли бутунлай вайрон қилингани» ва, эҳтимол, «қайта тикламаслиги»ни тан олди.

Шундан сўнг «Вагнер» отрядлари бошқа армия тузилмалари билан биргаликда июл ойи бошида Северодонецк ва Лисичанскка қилинган ҳужумларда қатнашди. 3 июл куни мудофаа вазири Сергей Шойгу Владимир Путинга Луҳанск областининг бутун ҳудуди қўлга киритилгани ҳақида хабар берди. Бу Россия армияси ушбу урушда Украина ҳудудига чуқур кириб борган охирги ҳолат эди.

Июл ойи бошидан ёлланма аскарларнинг отрядлари фронтнинг Бахмут секторида тўплана бошлади ва мана ярим йилдирки, шаҳарга бостириб киришга ҳаракат қилмоқда. Ёзда ушбу ҳужум операцияси қуйидаги операцион режага эга эди: Бахмут эгаллангандан сўнг Россия армияси икки томонлама агломерацияга (интенсив иқтисодий, меҳнат, маданий ва жамоавий алоқалар билан бирлаштирилган шаҳар ёки аҳоли пунктларининг ихчам бирлашмаси) ҳужум қилиш имконига эга бўлади.

Улар Словянск-Краматорск-Дружковка-Константиновка ва Донецк областининг маъмурий чегараларига чиқишни режалаштирган эди. Бу режа амалга ошиши мумкин эди, чунки ўша пайтда рус армияси Харкив областининг шарқий қисмини назорат қилаётган ва Изюм яқинида анча катта гуруҳ тўплаган эди.

Аммо сентябр ойи бошида Украина қуролли кучлари муваффақиятли қарши ҳужум операцияси ўтказиб, Балаклия, Купянск, Изюм, Лиман ва Святогорскни қайтариб олди. Шундан сўнг Бахмут қамали ўзининг олдинги стратегик маъносини йўқотди.

Аммо Пригожиннинг бўлинмалари Бахмутни қўлга киритиш ғоясидан воз кечмади ва ҳужумни давом эттириб, бу ерни иккинчи Верденга айлантирди  (Верден жанги — Биринчи жаҳон урушидаги энг йирик ва қонли ҳарбий жанглардан бири, у тарихга вайронагарчилик урушининг намунаси сифатида кирган).

Генерал Герасимов ўқ-дориларни етказиб беришни кечиктириш орқали фронтнинг ушбу секторида ёлланма аскарлар ҳаракатини тўхтатишга қарор қилганми ёки Евгений Пригожин Бахмутга олти ойлик муваффақиятсиз ҳужум учун жавобгарликни Бош штабга юклашга қарор қилганми, ҳозирча номаълум. Бироқ Украинадаги урушнинг 11-ойига келиб, фронтдаги жангларда қатнашаётган Россия кучлари ўртасидаги бундай низолар одатий ҳолга айланиб бўлди.

Айбдорларни қидириш

Россия Украинага бостириб киришининг биринчи куниданоқ, ҳарбий ҳаракатларда Россиянинг турли хавфсизлик кучлари иштирок этишни бошлади: армия қисмлари, Росгвардия бўлинмалари, Чеченистон Республикаси отрядлари, Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) ходимлари, «Вагнер» ва ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган «республикалар»нинг сафарбар қилинган қўшинлари.

Бу тузилмаларнинг барчаси ўртасида маълум бир ички рақобат борлиги ва ичкарида бошланган урушнинг маъносини тушунмайдиганлар етарли экани 24 февралдаёқ маълум бўлганди. Ўшанда BBC нашри куч тузилмасидаги манбаси орқали Чеченистон раҳбари Рамзон Қодиров ва Чеченистон миллий гвардияси раҳбари ўринбосари Даниил Мартинов ўртасидаги суҳбат аудиоёзувини қўлга киритганди.

Суҳбатда Мартинов кўплаб командирлар ҳужум арафасида операция мақсадларидан хабар топгач ҳайратда қолганини тан олган. Уларнинг шунчаки Беларус ҳудудидаги машғулотларда қатнашаётганликларига ишончи комил бўлган. Аммо Мартинов Қодировга у учун «Майдан ёки Хрешатик кўчаси»ни тайёрлашни ваъда берган.

Уруш бошлангач, Россия Бош штаби бошлиғи Валерий Герасимов жамоатчиликка кўпам кўриниш бермаяпти - фотода у Путин билан мудофаа вазирлигида 21 декабр куни ўтказилган йиғилишда.
Фото: MIKHAIL KIREYEV/SPUTNIK/AFP

Киевга қилинган тезкор ҳужум муваффақиятсизликка учраб, Украина қуролли кучлари ҳеч қандай тайёргарликсиз Украинага ташланган Росгвардия колонналари ва жангчиларини йўқ қилгач, РФ мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Росгвардия қўмондони Виктор Золотов ўртасида можаро юз бергани ҳақида кўп гапирилди. Хусусан, «Дождь» телеканали бошловчиси Михаил Фишман ўз кўрсатувларидан бирида бу ҳақда гапирган, бироқ бу воқеанинг ишончли далиллари йўқ.

Аммо март ойи охирида 2014 йилдан бери ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган «ДХР»нинг «Восток» батальонини бошқариб келаётган Александр Ходаковский ва чечен бўлинмаси командири ўртасидаги келишмовчилик ҳақида ОАВда кенг тарқалди.

Босқиннинг дастлабки ойларида Рамзон Қодиров айнан унинг жангчилари олдинги чизиқда максимал муваффақиятга эришганини таъкидлашга ҳаракат қилди. Бироқ урушда қатнашган ҳарбий хизматчиларнинг айтишича, «қодировчилар» одатда олдинги чизиқда эмас, учинчи чизиқда жойлашган ва асосан Чеченистон раҳбари учун видеолар тайёрлаш билан банд бўлган.

22 март куни Давлат думасидаги чеченистонлик депутат Адам Делимхонов Ходаковскийдан чечен жангчилари ҳақида айтган гаплари учун узр сўрашни ва уларнинг фронтдаги ютуқларга қўшган ҳиссасини қайд этишни талаб қилди.

Март ойида Россия махсус хизматлари кузатувчиси Андрей Солдатов ҳарбийлар Украинадаги вазият ҳақида нотўғри хабар берганликда айблаши ортидан ФХХнинг бир қанча ходимлари ишдан кетгани ва ҳатто қамоққа олинганини айтди. Мудофаа вазирлиги айнан улар сабаб Киев блицкриги амалга ошмаганини даъво қилган. ФХХдаги ўзгаришлар ҳақида ҳеч қандай расмий маълумот йўқ.

Ўша пайт, март ойида Владимир Путин прокуратурага муддатли ҳарбий хизматчиларни Украинага жўнатган айбдорларни жазолаш ҳақида кўрсатма берди. Дастлаб Россия ҳукумати урушда фақат шартномавий аскарлар қатнашишини ваъда қилганди. Ушбу ишнинг кейинги тафсилотлари эълон қилинмади. Бироқ июл ойига келиб Россиянинг тўртта ҳарбий округидан учтасида қўмондонлар ўзгаргани маълум бўлди. Ва ҳалок бўлган ҳарбийлар яқинларининг BBC нашрига айтишича, Ғарбий ҳарбий округ қўмондони ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг катта қисми унинг округи ҳиссасига тўғри келгани туфайли лавозимидан олиб ташланган.

Ёз ўрталарида ўз лавозимини сақлаб қолган ягона одам, Черниҳивга муваффақиятсиз ҳужум қилган ўғлини мукофотлаган, сентябр ойи ўрталарида Украина қуролли кучларининг Харкив атрофидаги муваффақиятли қарши ҳужум операциясидан сўнг, танқидлар остида қолган Марказий ҳарбий округ қўмондони, генерал-полковник Александр Лапин эди.

«Вагнер» асосчиси Евгений Пригожин ва Чеченистон раҳбари Рамзон Қодиров Лапинни бу йўналишда муваффақиятсизликка учраганликда ва Лиманни ташлаб чиққанликда айблади. Расмий маълумотларга кўра, октябр ойи охирида генерал Лапин уч ҳафталик таътилга чиққан ва афтидан ҳали ҳам қайтиб келмаган.

«Ватанпарвар» блогерлар ўша пайтда мудофаа вазирлигининг юқори раҳбариятини танқид қила бошлади, аммо аниқ исмларни айтмади. Октябр ойи бошида генерал Сергей Суровикин Украина ҳудудидаги бутун ҳарбий операция қўмондони этиб тайинланди. Баъзи экспертлар унинг самарадорлиги ҳақида ёзган бўлса, бошқалари, эҳтимол Бош штаб шу йўл билан Суровикинни Россия армиясининг кейинги барча чекинишлари учун жавобгар қилмоқчи эканини таъкидлади. Улар буни узоқ кутишига тўғри келмади: тез орада генерал Херсонни тарк этиш ҳақидаги «қийин қарор»ини эълон қилди.

Навбатдаги можародан кейин қандайдир кадрлар ўзгариши бўлишини олдиндан тахмин қилишга ҳали эрта, бироқ ҳали ҳеч ким Россия Бош штаби раҳбарини очиқчасига “*****” деб атамаган.

Мавзуга оид