Андижон вилоятига бириктирилган Кегейлида янги корхона ишга тушди
Андижонликлар Кегейли туманида янги йирик корхонани ишга туширишди. Айни вақтда кўмир ёқилғиси ва 300 хонадонни таъмирлаш учун қурилиш материаллари ортилган "Андижон карвони" Қорақалпоғистонга йўл олган.
Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожланишда қўллаб-қувватлаш учун президент ташаббуси билан Андижон вилоятига бириктирилган Кегейли туманида 500 иш ўринли “Aqtuba textile group” корхонаси ишга туширилди.
Очилиш маросимига етиб келган Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси ҳамроҳлигида қардошларга Андижон аҳли саломларини ва табрикларини изҳор қилди.
Ишга туширилган корхона 1 гектар майдонга жойлашган, лойиҳа қиймати 3,5 миллион долларни ташкил этади. Лойиҳа ёрдамида 500 киши иш билан таъминланди. Шунингдек, корхонанинг йиллик қуввати 3,6 миллион дона маҳсулотга тенг бўлиб, 4 миллион доллар атрофида экспорт қилади.
Бундан ташқари, президент номидан тумандаги 300 та эҳтиёжманд оила ва имконияти чекланганлар хонадонларига қиш мавсумида оила рўзғори учун етарли даражада бўлган, барча турдаги маҳсулотлар, 20 нафар ногиронга аравачалар етказилди. Шунингдек, “Ийшан қалъа” ОФЙ учун қуриб битказилган бино фойдаланишга топширилди.
Ҳозирда кўмир ёқилғиси ва яна 300 та хонадонни таъмирлашни мақсад қилган ҳолда, қурилиш материаллари ортилган “Андижон карвони” Қорақалпоғистонга йўл олган.