Зарбалар остида ишлаётган шифокорлар ва разведкачилар. Уруш суратлари
Украинада урушнинг 308-куни ўтди. Асосий маълумотлар:
- Волгоградда сафарбар қилинган эркакнинг рафиқаси ҳарбий прокуратурага шикоят қилиб, эрини “ДХР” ҳудудида “урушга боришдан бош тортганлар учун қамоқхона”да тутиб турилганини айтган.
- Украинада Эрон камикадзе дронларини уриб тушира олувчи дронлар ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда.
- Володимир Зеленский Олий радага мурожаат йўллади. 52 дақиқа давом этган нутқи чоғида Украина президенти Россия билан ҳарбий низодан якуний мақсад — Украина ҳудудий яхлитлигини қайта тиклаш ва асирга тушганларни озод этиш эканини айтди.
- Украина ҳаво кучлари спикери Юрий Игнат мамлакат ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари сентябр ойидан буён 420 та ракета ҳамда 430 та камикадзе дронни уриб туширгани ҳақида маълум қилди.
- Луҳанск области ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Гайдайнинг айтишича, Россия қўмондонлиги Креминна шаҳрини тарк этган. Ушбу шаҳар учун жанглар бир неча ойдан буён давом этаётганди. Америкадаги Урушларни тадқиқ этиш институти ҳам Украина қуролли кучлари сўнгги кунларда ушбу йўналишда муваффақиятга эришганини қайд этган.
- Челябинск областида сафарбар қилинганлардан бири ўз капитанини уриб ўлдирди. 23 декабр куни аскар поездда ўз бошлиғига ҳужум қилган - у воқеа жойида жон берган. Қурбон бўлган ҳарбий ҳам сафарбар қилинганлардан эди.
- The Guardian маълумотига кўра, юзлаб украиналик болалар Россиядаги дам олиш лагерларидан қайта олмаяпти. Ота-оналар оккупация чоғида бу болаларни лагерларга юборишган, улар Россия ҳудудида эканида Украина армияси бу ҳудудларни озод этган. Энди лагерлар маъмуриятлари болаларни қайтаришдан бош тортмоқда.
Украиналик ҳарбийларнинг Беларус билан чегарадаги позициялари
13 декабр куни Беларусда армия тайёргарлигини тўсатдан текшириш бошланди. Аммо, Украина давлат чегара хизмати маълумотига кўра, чегарадаги вазият ўзгармаган. Украина чегарачилари спикери вазиятни шундай изоҳламоқда:
Украина учун бу амалда ҳеч нарсани ўзгартирмайди, биз Беларус билан чегарада мудофаа қобилиятимизни мустаҳкамлаб келяпмиз, буни давом эттирамиз, чунки Украина ҳеч қачон Беларусдан такрорий босқин бўлиши ёки Беларус қўшинлари Россиянинг Украинага қарши бошлаган босқинига қўшилиши эҳтимолини истисно этмайди.
У шунингдек Украина томони чегара яқинида руслар ва беларусларнинг қанча қўшини тўплангани борасида аниқ маълумот йўқлигини қўшимча қилди. Ноябр ойи охирида Украина қуролли кучлари Бош штаби Беларус ҳудудида РФ армиясидан тахминан тўққиз минг киши жойлаштирилгани тўғрисида хабар берганди. Бундан ташқари, ноябр ойи ўрталарида Украина Беларус билан чегарада девор қура бошлади. Қуйида Украина қуролли кучларининг Житомир области ҳудудида Беларус билан чегарадаги позициялари акс этган.
Бахмутда отишма остида қолган украин разведкачилари ва қочқинлар
Америкадаги Урушларни тадқиқ этиш институти маълумотига кўра, Россия ҳарбийларининг Бахмут ҳудудидаги ҳаракати сўнгги вақтларда шахсий таркиб ва ўқ-дори етишмовчилиги туфайли секинлашган. ISW таҳлилчилари бу вазиятни РФ армиясининг август ойида Херсон атрофида тушиб қолган ҳолати билан солиштирмоқда, ўшанда Россия қўмондонлиги йирик батальон ва рота тактик гуруҳлари билан юриш қилишдан воз кечишга мажбур бўлганди. ISW прогнозига кўра, РФ қўшини Бахмут ҳудудида бундан кейин ҳам секин ҳаракатланишда давом этади — агар яқин вақтлар ичида қўшинлар шахсий таркиби тўлдирилмаса ва ўқ-дорилар билан таъминламаса, ҳужумлар тўхтаб қолиши ҳам мумкин. Шунга қарамай, россиялик ҳарбийлар Бахмутни мунтазам равишда ўққа тутишмоқда. Украина қуролли кучлари шаҳарни қандай ҳимоя қилаётгани қуйидаги суратларда.
Херсон россияликлар зарбалари остида
27 декабр куни Россия ҳарбийлари яна бир бор Херсонни ўққа тутди — РФ армияси ноябр ойида ўзи ташлаб чиққан шаҳарга доимий равишда зарба бериб келмоқда. Бу сафар Херсондаги шифохонанинг туғуруқ бўлими зарбага учраган. Ҳужум вақтида шикастланганлар йўқ. Президент офиси раҳбари ўринбосари Кирилл Тимошенконинг сўзларига кўра, ҳужум арафасида шифокорлар туғуруқхонадаги беш ҳомиладор аёлдан бирини кесарча йўл билан туғдиришга улгуришган.
Озод этилган Купянскдаги ҳаёт
Купянск Харкив областида, Россия билан чегарадан 40 километр масофада жойлашган — фронт чизиғигача тахминан тўққиз километр. Россия қўшини шаҳарни 27 феврал куни босиб олган ва у бўйлаб ўтган темирйўл орқали Харкив области ҳамда Донбасс шимолидаги бўлинмаларга таъминот етказиб берган. Украин ҳарбийлари сентябрда Купянскни озод этди — қуйида ушбу шаҳарнинг ҳозирги манзаралари.
Мавзуга оид
21:09 / 05.11.2024
Сайловдан кейин Америка Россия ва Украинага нисбатан сиёсатини ўзгартирадими?
15:30 / 05.11.2024
Зеленский: Октябрда Украинага 2 мингдан ортиқ дрон ҳужум қилди
14:50 / 05.11.2024
Жанубий Корея Украинага кузатувчилар ва таҳлилчилар гуруҳини юбориш имконини кўриб чиқмоқда
11:10 / 05.11.2024