Қарийб 30 млрд долларлик бюджет
Сенаторлар Сенат ялпи мажлисининг биринчи иш кунини «2023 йил учун Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети тўғрисида»ги қонун муҳокамасидан бошлашди. Муҳокама жараёнида Молия вазири кўпчиликда туғилган савол – давлат ташкилотларининг қисқариши давлат бюджетида ҳисобга олинганми, деган масалага изоҳ бериб ўтди. Вазирга кўра, давлат ташкилотларининг қисқаришидан бўшайдиган бюджет маблағлари ижтимоий масалаларни ҳал этишга йўналтирилади.
“2023 йил 1 январдан мустақил фаолият юритувчи республика ижро этувчи ҳокимият органлари сони 61 тадан 28 тагача, жумладан, амалдаги 25 та вазирлик 21 тагача қисқартирилди. Табиийки, муҳокама қилинаётган “2023 йил учун Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳасида мазкур ислоҳотлар ҳисобга олинганми, деган савол туғилади. Қайта ташкил этилаётган республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини тўлақонли йўлга қўйиш чора-тадбирлари асосида уларнинг тузилмалари, вазифа ва функцияларини аниқ белгиловчи норматив ҳужжатлар тайёрланмоқда. Улар тасдиқлангандан сўнггина республика ижро этувчи ҳокимият органларининг сақлаш харажатларига аниқлик киритилиб, белгиланган тартибда қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади. Бунда шу ислоҳотлар натижасида бўшайдиган бюджет маблағлари ижтимоий масалаларни ҳал этишга йўналтирилади”, — дея маълум қилди Темур Ишметов.
Сенаторлар томонидан 2023 йил учун давлат бюджети тўғрисида қонун маъқулланди. Мазкур қонун билан 2023 йил учун Ўзбекистон Республикаси консолидациялашган бюджетининг жамланма параметрлари ҳамда 2024–2025 йиллар учун бюджет мўлжаллари белгиланган.
Қонунга кўра, 2023 йилда мамлакат иқтисодиётида ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръатлари 5,3 фоиз ва истеъмол нархлари индекси 2022 йилнинг декабр ойига нисбатан 9,5 фоиз миқдорида бўлишидан келиб чиқиб, бюджет параметрлари ҳисоб-китоб қилинган. Консолидациялашган бюджетнинг даромадлари 2023 йилда 310,7 трлн сўмни ҳамда харажатлар 343,2 трлн сўмни ташкил этиши кутилмоқда.
Рад этилган “профилактик суҳбат”
Ялпи мажлисда “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги қонун сенаторлар томонидан рад қилинди. “Профилактик суҳбат ўтказяпмиз деб одамларни бесамар ушлаб туриш керакмас”, дея таъкидлади ушбу қонун муҳокамасида Сенат раиси Танзила Норбоева.
Қонуннинг рад этилишига бир қатор сабаблар келтирилди. Жумладан, Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурҳонов қонундаги қатор нормалар амалдаги бошқа қонунлар, хусусан, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси билан боғлиқ бўлган қоидаларга номувофиқлиги ҳақида тўхталиб ўтди.

















