Жаҳон | 21:59 / 02.01.2023
54705
4 дақиқада ўқилади

Украина янги йил кечаси русларнинг казармасини ўққа тутди. Юзлаб россиялик ўлгани айтилмоқда

Украинанинг Россия босиб олган Макийивка шаҳрида сафарбар қилинган рус аскарлари бўлган бинога Украина армияси томонидан ракета зарбалари берилган. Бу ҳақда аввало Telegram-каналларда хабар берилди, кейинроқ Украина томони маълумотни тасдиқлаган. 2 январ куни Россия Мудофаа вазирлиги ҳам портлашни тасдиқлади.

Фото: РИА Новости

HIMARS билан зарба берилган

Россия Мудофаа вазирлиги Украина томони бинога АҚШда ишлаб чиқарилган HIMARS бирваракайига ўт очувчи ракета тизимлари орқали зарба берганини тан олди ва 63 киши ҳалок бўлганини хабар берди. Украина томони эса зарба натижасида 400 атрофида рус сафарбар қилинган аскари ҳалок бўлганини маълум қилган.

BBC'нинг ёзишича, уруш шароитида ҳар икки томоннинг баёнотларини текшириш имконсиз, аммо ўз йўқотишлари ҳақида ҳадеганда маълумот беравермайдиган Россия Мудофаа вазирлиги портлашдан бир кун ўтиб 63 аскари ўлганини хабар қилиши йўқотиш қамрови қанчалик катта бўлганидан нишона.

Украина томони айтганидай қурбонлар сони 400 нафарга яқин бўлса, бу уруш бошланганидан буён қайд этилган энг кўп одам ўлган операциялардан биридир.

Янги йил кечасидаги зарба

2023 йил кириб келадиган 31 декабр тунда Россия армияси Украина бўйлаб навбатдаги ракета зарбаларини ёғдирди. Украина эса жавоб ўлароқ Россия босиб олган Донецк вилояти Макийивка шаҳридаги сафарбар қилинган россияликлар бўлган техника коллежи биносига ракета зарбасини амалга оширди.

Аввалига Кремлни қўлловчи нашрлар зарба оқибатида 15 киши ҳалок бўлганини ёзди. Урушни ёритувчи ва охирги вақтларда Путиндан бошқа урушни бошқараётганларни танқид қилишга ўтиб олган рус блогерлари йўқотиш анча катта бўлиши мумкинлигини айтишди.

Макийивкадаги урушга сафарбар қилинган руслар бўлган бинога ракета зарбаси Путин россияликларга янги йил табригини йўллаётган вақтда берилган. Ракета зарбаларидан кўп ўтмай техника коллежи биноси бутунлай яксон қилингани акс этган видеолар тарқалди.

Макийивкадаги портлатилган бинода Россиянинг Самара вилоятидан сафарбар қилинган аскарлар бўлгани айтилмоқда. 2 январ куни Самара губернатори қурбонлар орасида самараликлар бўлганини тасдиқлади. Reuters агентлигининг Донецк вилоятидаги манбаси 100 нафарга яқин одам ўлганини тасдиқлаб, 400 киши ўлгани ҳақидаги маълумотлар бўрттирилганини маълум қилди.

Бинонинг олдинги ва ҳозирги кўриниши

Ракета зарбалари маҳаллий вақт билан 00:01 да бошланган. Яқин атрофда яшайдиган одамларнинг ўз саҳифаларида ёзишича, 4 та ракета тушган ва уларнинг охиргиси жуда кучли бўлган. Зарба кучидан уйлар зириллаб кетган.

Ҳарбий блогерлар ғазабда

Россиялик ҳарбий блогерлар Макийивкадаги портлашдан ғазабланганларини яшира олишмаяпти. Уларнинг сўзларига кўра, коллеж биносида сафарбар қилинганларни жойлаштириш катта хато бўлган. Бу бинода қурол-яроғ ҳам бўлган. Аксар рус ҳарбий блогерлар Россия армияси бошлиқларини танқид қилган ва катта йўқотиш бўлгани ҳақида ёзган.

Россиялик тележурналист Андрей Медведев бу портлашдан кейин шундай деб ёзди: «10 ой давомида душманни аҳмоқ деб ўйлаб қўшинни мустаҳкам жойларда эмас, тўғри келган бинога жойлаштириб кетавериш душманга берилган катта ёрдамдир».

Рус блогерлари Макийивкадаги портлаш ҳақида яна шундай деб ёзишмоқда: «Бу жиноят, йўқ, Украина қилган жиноят эмас, исми фамилияси оммага маълум бўлмаган тана томонидан қилинган жиноят. Бу танага жазо берилиши керак», «Ҳарбий академия дипломига эга аҳмоқлар сабаб содир бўлган фожиа», «Бу фожиа шахсий таркибни душман "ҳаймарс"ларига тўғрилаб берадиган ва тушунарсиз оламда яшашда давом этаётган ҳарбий бошлиқлар сабаб содир бўлди».

«ДХР» собиқ мудофаа вазири Игор Гиркиннинг айтишича, бутунлай йўқ бўлиб кетган бино яқинидаги қуроллар ҳам йўқ қилинган, қуроллар эса яширилмай, кўринадиган қилиб қўйилган.

Ҳарбийлар телефонда гаплашиб «сотиб қўйган» бўлиши мумкин

ОАВда Украина армияси сафарбар қилинган руслар бўлган бинони қандай аниқлагани бўйича турлича маълумотлар тарқалмоқда. ТАСС ахборот агентлиги ўз манбаларига таяниб ёзишича, россиялик аскарлар телефонда гаплашгани оқибатида Украина армияси уларнинг жойини аниқлаган.

Мавзуга оид