Ўзбекистон | 13:20 / 02.01.2023
18619
5 дақиқада ўқилади

«Янги дориларни ўзимиз апробация қилишни тўхтатишимиз зарур» – Беҳзод Ҳошимов

АҚШда истиқомат қилувчи, Висконсин университети докторанти Беҳзод Ҳошимов ривожланган давлатларда тасдиқдан ўтган дориларни ишлатишга тўғридан тўғри рухсат берилиши, бошқа ҳар қандай дорига ривожланган давлатларда тасдиқдан ўтиш талаби қўйилиши лозимлигини таклиф қилди. Сабаби Ўзбекистонда қиммат лабораториялар ва технологиялар йўқ.

Фото: Kun.uz

Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов ҳуқуқшунос, блогер Хушнудбек Худойбердиевга берган интерьвюсида сифатсиз дорилар мамлакатга кирмаслиги учун нималар қилиш зарурлиги ҳақида фикр билдирди.

Беҳзод Ҳошимов — Ўзбекистонлик иқтисодчи ва жамоат фаоли. «Иқтисодчи кундалиги» блоги, YouTube’даги Hoshimov’s Economics (Ҳошимов Иқтисодиёти) видеоблоги муаллифи. У Дарон Ажемўғли ва Жеймс Робинсоннинг «Мамлакатлар таназзули сабаблари: Қудрат, фаровонлик ва камбағаллик манбалари» китобининг ўзбекча таржимасига муҳаррилик қилган. «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ўтказган сўровнома натижаларига кўра? Ўзбекистон блогерлар ва инфлюенсерларининг 30 талик рўйхатидан жой олган. Беҳзод Ҳошимов Марказий Осиё ишлари бўйича Оксус жамияти, Америка Иқтисодчилар Ассоцияцияси ва АҚШдаги Стратегик менежмент жамияти аъзоси. АҚШ Патент ва Товар белгилари идорасидан иқтисодий модел патенти соҳиби ва Халқаро иқтисодиёт олимпиадаси (IEO) ҳакамлар ҳайъати аъзоси. У айни вақтда Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзоси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Бюджет масалалари қўмитаси ҳузуридаги экспертлар кенгаши ва «Микрокредитбанк» кузатув кенгаши аъзоси ҳисобланади.

«Болалар ўлгандан кейин («Док-1 Макс» дориси сабаб вафот этган болалар ҳақида) нима учун биз бундай ҳолатдамиз деб ўйлашдан ҳам олдин, нима учун биз бундай хунук мувозанатдамиз, деб ўйлашимиз керак. Хорижий ОАВнинг ёзишича, бундан олдин Гамбияда 69 бола вафот этган экан. Нима учун биз Гамбия каби мамлакатлардек аянчли бир жойга келиб қолдикки, фарзандларимиз сифатли бўлмаган дори-дармон маҳсулотларини истеъмол қиляпти?

Жавоб қанақа? Ўзбекистонда импорт қилинадиган ва мамлакатда ишлаб чиқариладиган дориларни текшириш органлари бор. Баъзилари учун Ўзстандарт, баъзилари учун эса Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги. Уларнинг 2 та мақсади бор: биринчиси хавфсизлик, кейингиси самарадорликни аниқлаш. Буларни текшириш учун жуда қиммат лабораториялар керак бўлади. Дориларнинг физик ва кимёвий таркиби, физик ва кимёвий хусусиятлари текширилиши керак. Сўнг экспериментал тарзда дориларни ишлатиб кўриб, сўнггина ишталишга рухсат бериш керак. Бу жараёнларда ҳар бир дорига тахминан 10 минг доллар миқдорида пул кетади», деди иқтисодчи.

Беҳзод Ҳошимовнинг қайд этишича, биринчи хато – унчалик бой бўлмай туриб шундай масъулиятли вазифани бюрократларга топшириб қўйишда бўлган.

Масалан, АҚШда бу жараёнлар билан шуғулланадиган алоҳида ташкилот – Food and drug administration’нинг бюджети Ўзбекистон бюджетидан каттароқ. Лекин Ўзбекистонга у тасдиқлаган дорилар олиб кирилиши учун ҳам масъул идоралар бошидан текшириш олиб боради. Ваҳоланки, уларда миллионлаб долларлик лабораториялар мавжуд, битта дорига юз минг доллар сарфлай олади.

«Бизга ўхшаган камбағал давлатлар – масалан, Украина, Грузияда ихтиёрий ривожланган мамлакатда сертификат олган дориларни қайта текшириб ўтирмаслик ҳақида қонун чиққан. Мен ҳам шунинг тарафдориман. Чунки дори ва озиқ-овқат чет элда ишлаб чиқарилиб тасдиқдан ўтгач, унинг яна Ўзбекистондаги тасдиқдан ўтиш жараёни эса фақат порахўрлик.

Ўзимизда ишлаб чиқарилган ёки ғарбий мамлакатларда тасдиқланмаган дориларни эса фақат ўзимиз текширамиз. Бу ерда ҳақиқатга таяниб иш кўрилиши лозим», деди Беҳзод Ҳошимов.

Ҳошимовнинг таклифига кўра, биринчидан, қиммат лабораториялар, олимлар ва технологиялар йўқлиги ва бунга шароит ҳам йўқлигини ҳисобга олиб, янги дориларни ўзимиз апробация қилмаслигимиз зарур.

Иккинчидан, ўзбекистонлик ёки чет эллик дори ишлаб чиқарувчининг дориси ривожланган давлатда тасдиқдан ўтмаган бўлса, уни ишлатишга рухсат бермаслик зарур.

«Чунки бизнинг саралаб бериш имконимиз йўқ ва буни тан олишимиз керак», дейди иқтисодчи.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда «Док-1 Макс» сиропидан заҳарланиб 19 бола вафот этди.

Мавзуга оид