"Қизалоғим ўлимидан олдин жуда қийналди" – "Док 1 Макс"дан заҳарланиб нобуд бўлган қизалоқнинг онаси билан суҳбат
Йил охирида 19 нафар норасида болаларнинг ўлими 2022 йилнинг энг катта фожиаси десак адашмаймиз. «Док-1 Макс» сиропини ичиб оламдан ўтган болалар рўйхатида Қашқадарё вилояти Китоб туманида яшайдиган оиланинг фарзанди ҳам бор. Kun.uz қизалоқнинг онаси билан суҳбатлашди.
2022 йилнинг 2 ноябрида 2 ёшли Эъзозада шамоллаш аломатлари сезилган ва онаси уни Китоб туманидаги кўп тармоқли болалар шифохонасига олиб боради.
Шифокор “Док-1 Макс” сиропи ёзиб берди
“Навбатчи шифокор қизимнинг томоғи шамоллаганини айтиб, унга “Док-1 Макс” сиропи ва иситма туширадиган дори ёзиб берди. Мен шифокор кўрсатмаларига қаттиқ амал қиламан. Чунки ўзим олий маълумотли педагог, олий тоифали ўқитувчиман.
Лекин кўп ўтмай қизимда иштаҳасизлик, ҳолсизлик кузатила бошлади. Яна туман болалар ва вилоят болалар шифохонасига мурожаат қилганимда улар Самарқандга боришимиз кераклигини, у ерда гемодиализ аппарати борлигини айтишди. Ачинарлиси, Китоб ва Самарқанд ораси 1 соатлик йўл. Биз эса 2 соат йўл босиб Қаршига бордик. У ерда эса умумий таҳлиллардан кейин Қаршидаги шифокорлар Самарқандга боришимизни айтишди. Яна қайтиб Самарқандга кетдик.
Самарқанд шаҳар кўп тармоқли болалар шифохонасидаги шифокорлар ҳайрон бўлишди: “Биз 2 йилдан бери “Док-1 Макс” сиропини ёзмаймиз, демак туманларда ҳали ёзишаётган экан-да” деди.
Самарқандга вақтни ўтказиб олиб бордик, лекин улар қўлларидан келганча ҳаракат қилишди. Аммо 28 ноябр куни тонгги соат 6да фарзандим вафот этди”.
У яшашга ҳақли эди...
Қизим охирги нафасигача “ая” деди. Шифокорлар югуриб қолишди, сақлаб қолишга, ёрдам беришга ҳаракат қилишди. Лекин унгача ҳамма аъзолари заҳарланиб бўлган экан. Тасаввур қилинг, 99 фоиз заҳарланиб борган экан. Биз ўша қолган 1 фоиз учун курашдик.
Айримлар оналарни айблашяпти. Биз ўз қўлимиз билан кимнингдир заҳарини боламизга ичиришга мажбур бўлдик, шифо истаб. Болам шунчалар қийналди...Ўзини аппаратларга уради, улардан чиқиб кетолмайди, талпинади. Олдинига буйраги ишдан чиққан бўлса, бора-бора ўпкаси ишдан чиқди, нафас олиши қийинлашди. Кейин юраги тўхтай бошлади, лекин шундаям яшашни истайди. У яшашга ҳақли эди...
22 ноябрдан 28 ноябргача организмидаги заҳарни чиқаришга курашди.
Самарқандлик жонкуяр шифокорлар жазоланиши – адолатсизлик
Ўлган болалар рўйхатида бормиз. Лекин биз билан шу кунга қадар ҳеч ким боғланмади: на туман, на вилоят, на прокуратура.
Тўғри беш қўл баробар эмас – ҳаммани айбласам хато бўлади. Қаердадир жонкуяр шифокорлар бор. Масалан, Самарқанд тиббиёт бирлашмасида кўрдим: улар ухламайди. Туни билан ухламай бемор боланинг бошида туришади. Ҳамшираларни, оддий кичик ходимларнинг жон куйдирганини кўрдим ўша ерда. Лекин лоқайдларча бугун кутайлик, эрта кутайлик, деб ўтирган шифокорларниям кўрдим.
Болаларнинг ўлимига сабаб бўлаётган масъуллар жазоланишини хоҳлайман. Қайсидир паст бўғиндаги ишлаётган, ҳаракат қилаётган, беморнинг соғайишига ҳисса қўшаётган врачлар эмас, шу дориларнинг кириб келишига сабабчи бўлаётган масъулларнинг ишдан кетишини хоҳлайман. Улар жиноий жавобгарликка тортилишини хоҳлайман.
Нега оддий халқнинг боласи азият чекиши керак?
Бу дунёда пул, обрў билан сақланиб қолишар. Аммо эртага у дунёда 18 мурғак гўдакнинг ота-онасига қандай жавоб беришади? Бизнинг орқамиздан қанча яқинларимиз, 70-80 га кирган ота-оналаримиз ҳам бизга қўшилиб эзилди. Бир фарзандни катта қилиш осон эмас. Ҳаммаси гўдак – бири чақалоқ, бири 4 ёшли бола дейишяпти. У туғилдими, демак шу жамиятнинг аъзоси. Нега оддий халқнинг боласи азият чекиши керак?
Ундан жуда яхши инсон чиқишига ишонардим. Уни 40 ёшимда кўргандим. Икки фарзандимдан кейин 12 йил ўтиб туғилган, 12 йил кутилган фарзандим, қувончимиз эди. Ана шу қувончимни кимнингдир айби, лоқайдлиги, бефарқлиги эвазига йўқотдим. Танам бор – руҳим болам билан ўлди. Тирик боламни кўтариб бориб, ўлик жасадини олиб келиш жуда ёмон нарса”.
Гулмира Тошниёзова,
Kun.uz мухбири.
Тасвирчи - Абдуқодир Тўлқинов.
Мавзуга оид
17:57 / 19.11.2024
Ўзбекистон миллий регулятор органи ICH'га кузатувчи мақомида расман қабул қилинди
11:40 / 16.10.2024
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директорига ўринбосар тайинланди
20:04 / 14.10.2024
Чилонзорда салкам 44 минг долларга қалбаки дори сотганлар ушланди
23:02 / 10.10.2024