Жамият | 18:03
284
2 дақиқада ўқилади

3 ойда болалар контентига оид 1068 та қонунбузилиш аниқланди

Болаларнинг соғлиги ва руҳиятига зарар етказиши мумкин бўлган қонунбузилиш ҳолати аниқланган ОАВлар огоҳлантирилиб, кўрсатмалар юборилган.

Фото: Getty Imagеs

Ўзбекистонда 2026 йилнинг биринчи чорагида интернет нашрлари, телеканаллар, босма ОАВ ва нашриёт маҳсулотларида болаларнинг соғлиги ҳамда руҳиятига зарар етказиши мумкин бўлган ахборот маҳсулотларига оид 1068 та қонунбузилиш ҳолати аниқланди. Уларнинг аксарияти контентни ёшга қараб таснифлаш ва маркировка қилиш талабларига риоя этилмагани билан боғлиқ.

Бу ҳақда 23 июн куни Ахборотлаштириш ва коммуникациялар соҳасида назорат инспекцияси ўтказган «Рақамли даврда болаларнинг ахборот хавфсизлиги: ОАВ масъулияти, киберҳимоя ва этик мезонлар» мавзусидаги тренингда маълум қилинди.

Инспекция бошлиғи маслаҳатчиси Асад Хўжаевнинг Kun.uz мухбирига маълум қилишича, қонунбузилишларга йўл қўйган субъектларга нисбатан ҳозирча жазо чоралари қўлланмаган.

«Бу қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган субъектларга нисбатан биз кўрсатма хатлари юбордик. Хатда ҳар битта ҳолатни мутахассислар иштирокида таҳлил қилиб, такрорланмаслиги учун профилактика ишлари олиб боришларини сўрадик. Ҳозирча бу масалада жазолаш бўйича бирор чора кўрмадик.

Мақсадимиз — бу зарарли контентларни тўғри баҳолай оладиган экспертлар ҳамжамиятини шакллантириш ва малакасини ошириш. Агар шундан кейин ҳам шундай ҳолатлар кузатиладиган бўлса, уларга нисбатан чора кўришга мажбур бўламиз», деди Асад Хўжаев.

Гулмира Тошниёзова
Тайёрлаган Гулмира Тошниёзова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид