Жаҳон | 19:07 / 03.01.2023
11384
2 дақиқада ўқилади

Рус ҳарбийларига фуқаролик объектларини ўққа тутганлик учун биринчи марта айблов эълон қилинди

Россиялик юқори мартабали ҳарбийлар Украина Жиноят кодексининг оғир моддалари бўйича айбланмоқда.

Фото: AP

Украина Хавфсизлик хизмати (УХХ) россиялик юқори мартабали ҳарбийлар орасидан фуқаролик объектларини ўққа тутишда гумон қилинаётган шахслар номини биринчи марта эълон қилди. Улар — Россия аэрокосмик кучларининг узоқ масофали авиацияси қўмондони, генерал-полковник Сергей Кобилаш ва 2022 йил августигача Қора денгиз флотига қўмондонлик қилган адмирал Игор Осипов.

УХХ уларни Украина Жиноят кодексининг икки моддаси бўйича айбламоқда. Биринчиси, тажовузкор урушни режалаштириш, тайёрлаш, бошлаш ва олиб бориш (437-модда, 2-қисм). Иккинчиси, Украинанинг ҳудудий яхлитлиги ва дахлсизлигига тажовуз (110-модданинг 3-қисми). Ҳар иккиси учун ҳам максимал жазо умрбод қамоқ кўзда тутилган.

УХХ баёнотида айтилишича, айнан Кобилаш буйруғи билан Украинанинг фуқаролик ва муҳим инфратузилмаси оммавий ўққа тутилмоқда.

Осипов эса 24 февралдан 10 августгача Украина шаҳарларига Қора денгиздан зарба беришни мунтазам равишда буюрган. У 13 апрел куни Украина Қуролли Кучлари «Москва» крейсерини йўқ қилган пайтда Қора денгиз флоти раҳбари эди. Норасмий маълумотларга кўра, Осипов август ойида лавозимидан бўшатилган.

Мавзуга оид