Жаҳон | 23:26 / 05.01.2023
14879
2 дақиқада ўқилади

КХДР дрони Жанубий Корея президенти офисига яқин масофада учди 

Аммо муҳим объектга яқинлашмади. 

Фото: CFP

КХДР дрони Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёлнинг Сеулдаги офисига яқин масофада учиб ўтди. Учувчисиз аппарат идора атрофидаги 3,7 км узунликдаги парвозлар тақиқланган ҳудудга қисқа вақт ичида кирди, деб хабар берди Yonhap

«У қисқа муддат давомида ҳудуднинг шимолий чеккасидан учиб ўтди, аммо асосий объектга яқинлашмади», деб ёзди нашр ҳарбий амалдорга таяниб. 

Нашр манбасига кўра, президент офиси хавфсизлиги билан боғлиқ ҳеч қандай муаммо юз бермаган. Дрон катта эҳтимол билан президент офиси ва ҳарбий штабни суратга олган бўлиши мумкин. 

Қайд этилишича, Жанубий Корея мудофаа вазири Ли Чжон Соп бу ҳақда давлат раҳбарини хабардор қилган. 

Аввалроқ, Шимолий Кореянинг 5 та дрони икки мамлакатни ажратиб турувчи демаркация чизиғини кесиб ўтган эди. Улардан бири Сеулнинг шимолий ҳудудларига етиб борди ва яна Шимолий Кореяга қайтди. Қолганлари Жанубий Корея радарларидан ғойиб бўлган эди. 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид