Ўзбекистон | 10:30 / 05.01.2023
3763
2 дақиқада ўқилади

Озарбойжон-Ўзбекистон Инвестиция жамғармаси ташкил этиляпти

Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг Озарбойжонга ташрифи доирасида Ўзбекистон бош вазири Жамшид Хўжаев ва Озарбойжон иқтисодиёт вазири Микаил Жабборов ўртасида музокаралар бўлиб ўтди.

Фото: Dunyo

Мулоқот чоғида савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт ва логистика соҳаларида икки томонлама ҳамкорликнинг кенг кўламли кун тартиби кўриб чиқилди. Томонлар талабга эга маҳсулотлар номенклатурасини шакллантириш ва етказиб беришни кўпайтириш, иккала мамлакатларга савдо ва ишбилармонлик миссияларини ташкил қилиш, йирик шаҳарларда миллий маҳсулотлар кўргазмаларини ўтказиш, савдо тармоқларида мева ва сабзавот маҳсулотларини, озиқ-овқат, тўқимачилик, чарм-пойабзал маҳсулотларини ўзаро етказиб бериш бўйича узоқ муддатли савдо шартномаларини тузишга келишиб олди.

Саноат кооперацияси ва сармоявий шериклик соҳасидаги ҳамкорлик икки томонлама муносабатларнинг устувор йўналишларидан бири сифатида кўриб чиқилди. Ўзбекистон-Озарбойжон Инвестиция жамғармасини ташкил этиш бўйича қўшма ишларни жадаллаштириш, умумий қиймати 700 миллион доллардан ортиқ бўлган 5 та йирик лойиҳанинг молиявий-техникавий жиҳатларини ишлаб чиқишдан ўзаро манфаатдорлик билдирилди. Мазкур йўналишларда саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш бўйича Ишчи гуруҳ тузишга келишилди.

Йиғилиш иштирокчилари қўшма корхоналарни, жумладан, автомобиллар ишлаб чиқариш, заргарлик буюмлари ва енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш чора-тадбирларига алоҳида эътибор қаратди.

Кун тартибида транспорт-логистика соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш чора-тадбирлари муҳокамаси ҳам муҳим ўрин тутди. Икки мамлакат ҳудудлари орқали юкларни, жумладан, кундалик эҳтиёждаги товарларни ташиш ҳажмини бир неча баробар ошириш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирларини муҳокама қилиш мақсадида Халқаро автомобиль транспорти бўйича Аралаш комиссиянинг биринчи йиғилишини ўтказишнинг ташкилий жиҳатлари келишиб олинди. 

Учрашув якунлари бўйича томонлар Озарбойжон-Ўзбекистон Инвестиция жамғармасини ташкил этиш бўйича Ўзаро англашув меморандумини имзоладилар. Мазкур жамғарма икки томонлама иқтисодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва кенгайтириш, саноат кооперациясини ривожлантиришга хизмат қилади.

Мавзуга оид