Ўзбекистон | 22:07 / 05.01.2023
20444
3 дақиқада ўқилади

Талабалар учун таътил узайтирилди, олинган чипталар нима бўлади? 

Қишки таътил узайтирилиши туфайли, 9 январгача харид қилинган авиа ва темирйўл чипталари бепул тарзда тегишли муддатга алмаштириб берилиши, қўшимча жойлар (рейслар) ажратилиши айтилди. Аммо Uzbekistan Airways бу маълумотни ҳали тасдиқламади.

Кейинги ҳафта Ўзбекистонда аномал совуқ бўлиши кутилаётгани учун барча бўғиндаги таълим муассасалари, хусусан, олийгоҳларда таълим олувчилар учун таътил кунлари узайтирилди.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг хабар қилишича, олий ва профессионал таълим муассасалари, академик лицей талаба-ўқувчилари учун қишки таътил муддати 18 январгача узайтирилди.

Қайд этилишича, дарслар шу кундан бошланади, бу даврда таълим ташкилотлари педагог ва бошқа ходимларининг амалдаги иш ҳақи сақлаб қолиниб, белгиланган дарслар ўқув йили давомида тиғизлаштириб ўқитилади.

Шунингдек, аввал сотиб олинган йўл чипталари бўйича ҳам маълумот берилди.

“Талаба-ўқувчиларнинг ўз таълим муассасасига қайтишига қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида авиа ҳамда темирйўл чипталари тариф қисмидан 50 фоиз миқдорида чегирма берилиши муддати ҳам 18 январгача узайтирилди. 9 январгача харид қилинган авиа ва темирйўл чипталари бепул тарзда тегишли муддатга алмаштириб берилади.

Бундан ташқари, таътил узайтирилиши муносабати билан авиа ҳамда темирйўлларда қўшимча жойлар (рейслар) ажратилади”, дейилади вазирлик хабарида.

“Ўзбекистон темир йўллари”нинг Kun.uz’га маълум қилишича, чегирма асосида харид қилинган чипталар темир йўл чиптахоналарида, электрон тарзда харид қилинган чипталарни chipta.railway.uz сайтида қайтариш мумкин. Чипта пули 100 фоиз қийматда қайтарилади.

Шунингдек, электрон тарзда олинган чипталарни сайтдаги "Чипталарни қайтариш" бўлими орқали қайтариш мумкин. Бунда чипта пули 24 соат ичида пластик картага қайтарилади.

Офлайн олинган чипталарни эса чиптахоналарга мурожаат қилиб, тўланган суммани тўлиқ олиш ёки бошқа санадаги поездга чиптани алмаштириш мумкин.

“Uzbekistan Airways” Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги хабарини ҳали тасдиқлагани йўқ. Авиакомпания матбуот котиби Камола Икромованинг айтишича, чипталарнинг бепул алмаштириб берилиши ҳали аниқ эмас.

“Ҳали аниқ жавоб йўқ, ҳозир раҳбарият жавобини кутяпмиз. Бу масала эртагача (6 декабр) ҳал бўлиб қолади. 2 та вариант қилиниши кутилмоқда: ёки чипталар ўтган йилгидек бепул алмаштириб берилади ёки кичкина жаримаси билан банд қилинади. Талабалар чипталарни ҳозирги рейслар учун олган, агар кейинги рейсларда жой бўлмаса, бу ҳам бир муаммо бўлиб қолиши мумкин. Озгина вақт берилса, шуни аниқлаштириб оламиз. Чунки раҳбарият қайси шаклини тасдиқлаши аниқ эмас”, – деди у. 

Дилшода Шомирзаева
Тайёрлаган Дилшода Шомирзаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид