Ўзбекистон | 15:10
749
2 дақиқада ўқилади

UzAirways йўловчилари рейсга кечикканда, қайтиш чиптаси бекор қилинмайдиган бўлди

Рақобат қўмитаси таклифига кўра, эндиликда UzAirways орқали учиб кетиш ва қайтиш чиптасига эга йўловчилар айрим сабаблар билан учиб кетолмаганда, қайтиш чиптаси бекор қилинмайди. Қўмита ушбу қоидани маҳаллий йўналишлардаги бошқа авиакомпанияларга ҳам жорий этиш юзасидан ҳамкорликда иш олиб бормоқда.

Фото: Kun.uz

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси таклифига кўра, энди UzAirways орқали учиб кетиш ва қайтиш чиптасига эга йўловчилар айрим сабаблар билан учиб кетолмаганда, унинг қайтиш чиптаси бекор қилинмайди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар қилди.

«Эндиликда, Uzbekistan Airways хизматларидан фойдаланишда маҳаллий йўналишларда йўловчи етиб келмаганлиги сабабли, йўналишнинг кейинги участкаларида жойларни бронлаштириш бекор қилинмайди. Йўловчи ўзи учун жой банд қилган авиачиптада кўрсатилган йўналишнинг кейинги участкаларида ташишдан фойдаланиши мумкин бўлади», – дейилади қўмита хабарида.

Шу билан бирга, қўмита мазкур қоидани маҳаллий йўналишлардаги бошқа авиакомпанияларга ҳам жорий этишга эришиш устида иш олиб бормоқда.

Қўмитанинг маълум қилишича, 2025 йилда авиаташувлар бўйича истеъмолчилардан 127 та мурожаат келиб тушган. Мурожаатларда, хусусан, қуйидаги масалалар кўтарилган:

  • кўрсатилмаган хизмат учун ҳақ олиниши (65 та);
  • сифатсиз хизмат кўрсатилиши (25 та);
  • белгиланган йўналишга ва вақт оралиғига риоя этилмагани (27 та);
  • асоссиз қарздорлик ва бошқа масалалар (5 та).

Ушбу мурожаатларнинг 122 таси ижобий ҳал этилиб, жами 72 млн сўмга яқин маблағ истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинган.

Рақобат қўмитаси ҳаво транспортидан фойдаланишда фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, соҳада рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар учун қулайликлар яратиш борасидаги ишларни тизимли давом эттириши таъкидланган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев

Мавзуга оид