Жаҳон | 21:34 / 06.01.2023
31959
2 дақиқада ўқилади

БАА, Россия ва Туркия Башар Асадни реабилитация қилиш устида ишламоқда — Bloomberg  

Учта мамлакатнинг мақсади - АҚШни Суриядан сиқиб чиқариш.

Ражаб Тоййиб Эрдўған ва Башар Асад / Фото: Reuters

Туркия раҳбарияти Башар Асадни Суриянинг қонуний президенти сифатида тан олишга ва мамлакатлар ўртасида дипломатик муносабатларни тиклаш жараёнини бошлашга тайёр, деб хабар берди Bloomberg

Туркия Россия ва БАА билан биргаликда Яқин Шарқдаги мавқеини яхшилаш мақсадида Сурия президентини сиёсий реабилитация қилиш бўйича саъй-ҳаракатларини кучайтиришни режалаштирмоқда. Агентлик материалида ёзилишича, уч давлатнинг умумий мақсади - АҚШни Суриядан сиқиб чиқаришдир.  

Сурия раҳбарияти АҚШ томонидан қўллаб-қувватланаётган курд тузилмаларига шимолда автоном ҳудуд ташкил этишга рухсат бермаяпти. Туркия раҳбарияти эса президентлик сайловлари арафасида бундан манфаатдор. 

«Анқаранинг Дамашқ билан янги ҳамкорлиги Кремлнинг Яқин Шарқдаги ролини кучайтиради ва Вашингтонга босим ўтказади», дейди шарқшунос Елена Супонина. Бу жараёндан БААнинг асосий манфаати - Эроннинг Суриядаги таъсирини чеклашдир. 

Сурия можаросининг нисбий ечими суриялик қочқинларнинг мамлакатга қайтишига ҳам олиб келиши мумкин, бу эса Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг 2023 йил июн ойида бўлиб ўтадиган сайловлар олдидаги рейтингига ижобий таъсир кўрсатиши мумкин. БМТ маълумотларига кўра, ҳозир Туркияда 3,6 миллионга яқин суриялик қочқин яшамоқда. 

Январ ойида Туркия, Россия ва Сурия ташқи ишлар вазирлари қуролли можарони биргаликда муҳокама қилиш учун учрашиши кутилмоқда. 

Туркия Сурия билан дипломатик алоқаларини 2012 йилда узган. БАА раҳбарияти 2011 йилда ҳам худди шундай қадам ташлаган, бироқ 2018 йилда мамлакатлар ўртасидаги дипломатик муносабатлар тикланган эди. 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид