Жаҳон | 00:16 / 07.01.2023
18034
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Украинага 3 млрд долларлик рекорд даражадаги янги ҳарбий ёрдам пакетини ажратди

Жо Байден маъмурияти Киевга ҳарбий ёрдам кўрсатишни давом эттиришни муҳим деб ҳисобламоқда.

Фото: AFP 2022 / DELIL SOULEIMAN

Оқ уй, кутилганидек, Киевга янги ҳарбий ёрдам пакетини эълон қилди. У Украина Қуролли Кучларининг узоқ муддатли ҳарбий салоҳиятини мустаҳкамлаш ва модернизация қилиш учун 225 миллион долларни ўз ичига олади. 682 миллион доллар НАТО шарқий қанотидаги Америка иттифоқчиларига қурол сотиб олиш учун юборилади. Ҳарбий ёрдамнинг умумий миқдори рекорд даражадаги 3 миллиард долларни ташкил қилади.

Оқ уй матбуот котиби Карин Жан-Пьер матбуот анжуманида «АҚШ 3 миллиард доллардан ортиқ янги ҳарбий ёрдамни эълон қилиш орқали Украинанинг ўзини ҳимоя қилиш қобилиятини таъминлаш бўйича давомли мажбуриятини намойиш этади» деди.

Унинг таъкидлашича, 2,8 миллиард доллар маблағ тўғридан-тўғри Пентагон захирасидан ажратилади. Ёрдам пакетига, хусусан, Bradley пиёдалар жанговар машиналари ва ўзиюрар гаубицалар киради. Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби сўзларига кўра, Қўшма Штатлар машиналарни имкон қадар тезроқ Украинага етказиб беришга ҳаракат қилади.

Оқ уйнинг таъкидлашича, Қўшма Штатлар яқин ойларда Украинада урушни тўхтатилиши истиқболларини кўрмаяпти. Жо Байден маъмурияти Киевга ҳарбий ёрдам кўрсатишни давом эттиришни муҳим деб ҳисоблайди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид