Туманлардан бирига хизмат сафарига бориб тушлик қилиш учун ошхоналаридан бирига кирсам бўш жой йўқ. Четдаги сўрида ёши олтмишларда бўлган бир отахон бир ўзи ўтирарди. Рухсат сўраб ёнига жойлашдим.

Овқатланар эканман, отахон «Болам уйланганмисан?» деб қолди. Бош ирғаганимдан сўнг «Ёш экансан, хотининг ҳеч қачон «акангиз ундай, укангиз бундай, ота-онангиз фалон» дейишига йўл қўйма. Агар билсанг, отани боладан, акани укадан ёмон хотин ажратади. Ўзинг ҳам ҳеч қачон унинг яқинлари ҳақида гапирма», деб қолди.

Синчковлигимга бориб отахоннинг бошидан шу мавзуда нимадир ўтганов, деб тургандим, гапини давом эттирди:

«Аёлларнинг ҳаммаси ёмон демайман. Ёмон аёллардан ёмон эркаклар кўп. Аммо бир нарсани унутма, ёмон хотин болаликда кўрпа талашиб катта бўлган ака-укани бир-бирига душман қилади. Ота-онани ўғилдан айиради. Ишонавер, бошимдан ўтган. Бир пайтлар ота-онам, мен ва бошқа яқинларимнинг акам билан тескари бўлиб кетишига унинг хотини сабаб бўлганди».

Отахоннинг «бошимдан ўтган» деган сўзларини эшитиб, ҳикояларига қизиқиб қолдим. Отахон гап бошлади:

«Оилада уч ўғил ва уч қиз бўлганмиз. Вақти соати келганда катта акамни уйлантирдик. Янгам қўшни маҳалладан эди. Орадан бироз ўтиб, янгам туфайли рўзғорда гап-сўз кўпаяверди.

Ўша пайтда опамни узатганмиз ва сингилларим рўзғор ишлари учун ёшлик қиларди. Келин бўлиб тушганининг иккинчи ҳафтасидаёқ янгам акамга ҳаммага эшиттириб «Мен бу рўзғорга чўри бўлиб келмаганман. Сингилларингиз ёш бўлса, ана, укаларингиз рўзғор ишларига қарашсин», деб гапирди.

Акам хотинига бироз сабр қилишни, алоҳида бўлиб чиқишса барчасидан қутулишини айтар, аммо янгам гапиришдан тўхтамасди.

Шундан кейин ҳам бир неча марта бундай гап-сўзлар давом этди. Янгам уй-ишларини қилмай қўйгани учун бирида овқатсиз қолиб кетсак, бирида ҳовли супурилмасди. Онам доим юрак босими юқори ҳолда юрарди, уни уринтирмаслик учун ўзим билганимча овқат пиширдим, ҳовли супурдим.

Ўша кезларда мен уйланишни ортга суриб юргандим. Рўзғор ишларининг бир қисми ўзимга қолгач, ота-онамга уйланишга рози эканимни айтдим. Тўғриси-да, яшашимизда ҳаловат йўқ, уйлансам хотиним рўзғор ишларига ёрдам беради ва янгамнинг жағи ўчади деб ўйладим.

Тўй ўтди, рўзғор ишларини хотиним қила бошлади. Аммо барибир янгамнинг жағи ёпилмади. У энди алоҳида ҳовли қилиб чиқишни гапирадиган бўлди. Баҳорда қишлоқ четидаги еримиздан уй тикладик ва акамни кўчириб қўйдик. Шундан кейин рўзғоримиз тинчиди.

Янгам анча-мунчада ҳовлига келмас, акамни ҳам келишга қўявермас эди. Ота-онам бунга эътибор беришмас, тинч яшаса бўлди, деб қўл силташар эди.