Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Жиззахда даштдаги сув сақлашга мўлжалланган бочкада номаълум шахснинг жасади топилди
Судга оид тиббий экспертизага кўра марҳумда тан жароҳатлари топилмаган. У топилишидан 20-25 кун аввал совқотиш оқибатида вафот этган.
Жиззах вилояти Фориш туманида даштли жойга ўрнатилган сув сақлашга мўлжалланган бочкада номаълум шахснинг жасади топилган. Бу ҳақда Kun.uz’га Бош прокуратура матбуот котиби хабар берди.
Ҳодиса 2023 йил 4 январ куни содир бўлган. Фориш туманида яшовчи фуқаро ИИБга қўнғироқ қилиб Катта Боғдон қишлоғи ҳудудида жойлашган токзоридан хабар олгани борганида сув сақлашга мўлжалланган бочкада номаълум шахснинг жасадини кўргани ҳақида хабар берган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тегишли тартибда ўрганиш ишлари олиб борилганда жасад 50-55 ёшлар атрофида бўлган эркакники экани аниқланган.
Марҳумнинг жасадида қотиллик билан боғлиқ ёки бошқа жароҳат излари топилмаган.
Судга оид тиббий экспертиза хулосасига кўра, марҳумнинг жасадида қотиллик билан боғлиқ ёки бошқа жароҳат излари топилмаган. У топилганидан 20-25 кунлар аввал совуқда қолиб кетиб, вафот этган.
Кўздан кечириш вақтида марҳумнинг шими чўнтагидан 52 минг сўм пул ва костюми чўнтагидан икки дона дафтар чиққан. Унинг нега ва қандай қилиб бочка ичига тушгани номаълум.
Қайд этилишича, ҳозирда ҳолат юзасидан Фориш туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, марҳумнинг шахсини аниқлаш чоралари кўрилмоқда.