9 январ куни интернетда Тошкент шаҳридаги «Тез ёрдам» машиналари ҳайдовчилари қоидабузарликлар учун жарима қоғозлари келаётгани сабаб видеомурожаат қилган видео тарқалди.
Видеомурожаатда ҳайдовчилар чақирув бўйича ҳаракатланган вақтида йўл қўйилган қоидабузарликлар, хусусан, тезликни ошириш, «полоса»ни босиш, қизил чироқда ўтиб кетганлик учун жарима қоғозлари келаётганидан шикоят қилишган.
«Жарималар юқори, бизда уларни тўлаш имконияти йўқ, маошимиз етмайди. Бу жарималар Чилонзор туманида бир кун ичида қайд этилган. Бу бизнинг имкониятларимизни чеклайди. Полосаларни босиш, светофор, тезлик, „Стоп“ белгиси», — дея санайди кадр ортидаги овоз.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ушбу видеомурожаат батафсил ўрганилаётгани, натижаси бўйича қўшимча маълумот берилишини билдирди. Кўп ўтмай Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бу масаладаги қўшма баёноти эълон қилинди.
«Ижтимоий тармоқларда тез тиббий ёрдам автомобилларига тезликни ўлчовчи махсус автоматлаштирилган, онлайн режимда ишловчи камералар орқали қайд этилиб, жарима белгиланаётганлиги ва улар бекор қилинмаётганлиги ҳақида хабарлар тарқалмоқда.
Маълум қиламизки, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 17 прим 1-моддаси бешинчи хатбошисига кўра, тезкор ва махсус хизматларнинг транспорт воситалари, шунингдек улар кузатиб келаётган транспорт воситалари томонидан йўл ҳаракати қоидаларига мувофиқ имтиёздан фойдаланган ҳолда содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар махсус фото ва видео қайд этишнинг автоматлаштирилган техник воситалари орқали қайд этилган тақдирда ҳамда кечиктириб бўлмайдиган хизмат вазифаларини бажарганликни тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилганда ҳайдовчиларнинг маъмурий қоидабузарлиги охирги зарурат ҳолатларида содир этилган деб топилади. Сўнг мазкур маъмурий иш ушбу кодекснинг 271-моддасига мувофиқ тугатилади.
Мазкур ҳужжатнинг 271-моддаси биринчи хатбошисининг тўртинчи кичик бандига кўра, шахс ҳаракатни охирги зарурат ҳолатида қилган бўлса, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишни бошлаш мумкин эмас. Бошланган иш эса тугатилиши лозимлиги белгиланган», дейилади баёнотда.
Тезкор ва махсус хизматларнинг транспорт воситалари, шунингдек улар кузатиб келаётган транспорт воситаларининг ҳайдовчилари кечиктириб бўлмайдиган хизмат вазифаларини бажараётиб, ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш шарти билан йўл ҳаракати қоидаларининг 7-боб (светофор ва тартибга солувчининг ишоралари), 9-16 (Ҳаракатланишни бошлаш, Йўналишларни ўзгартириш, Йўлнинг қатнов қисмида транспорт воситаларининг жойлашуви, Ҳаракатланиш тезлиги, Қувиб ўтиш, Тўхташ ва тўхтаб туриш, Чорраҳада ҳаракатланиш, Тартибга солинган чорраҳалар, Тартибга солинмаган чорраҳалар), 19-20 (Автомагистралларда ҳаракатланиш, Турар жой даҳаларида ҳаракатланиш) ва 22-боблари (Йўналишли транспорт воситаларининг имтиёзлари), 1 (Йўл белгилари) ва 2-иловалари (Ётиқ чизиқлар) талабларидан четга чиқишлари мумкинлиги қайд этилган.







