“Ушбу давлат хизматчилари мамлакатимизга шараф билан хизмат қилишди, улар асоссиз ҳамда сиёсий мотивлар билан қилинган таъқиблар қурбони бўлмаслиги керак”, — дейилади Байден маъмурияти баёнотида.
Байден ушбу шахсларни афв этиш уларни бирор бир жиноятда айбдор деб тан олишни англатмаслигини таъкидлади.
Шунингдек, у коронавирус пандемияси даврида Оқ уйга ҳаракатларни мувофиқлаштиришга кўмаклашган олим Энтони Фаучини ва истеъфодаги генерал, Қўшма штаб бошлиқлари қўмитасининг собиқ раиси Марк Миллини ҳам афв этди. Фаучи Доналд Трамп томонидан мунтазам равишда танқидга учраб келган бўлса, истеъфодаги генерал Милли Трампни “илиги-ю суягигача фашист” ва хавфли шахс деб таърифлаганди.
Бир неча соатдан сўнг, меҳмонлар АҚШнинг 47 президенти инаугурацияси учун Капитолийга тўпланганида, Оқ уй яна бир афв ҳужжатини эълон қилди. Бу сафар Байден ўз оиласининг беш аъзосини олдиндан афв этди.
“Оила-аъзоларим, аслида, фақат менга зарар етказишга қаратилган ҳужумлар ва таҳдидларга дучор бўлди — бу партиявий сиёсатнинг энг ёмон мисоли. Афсуски, бу ҳужумлар тўхташига ишончим комил эмас”, — деб таъкидланган Байденнинг Оқ уй веб-сайтида эълон қилинган баёнотида.
Хусусан, тегишли фармон билан Байденнинг акаси Жеймс Байден ва унинг рафиқаси Сара Жонс Байден, синглиси Валери Байден Оуэнс ва унинг турмуш ўртоғи Жон Оуэнс, шунингдек укаси Френсис Байден афв этилди.
Уларнинг ҳеч бирига қарши бирорта жиноят бўйича расман тергов бошланмаган. Аммо айрим республикачилар улар Байден даврида фойда кўришганини даъво қилиб келади.
Афв ҳақидаги фармонда “Жеймс Байден ва унинг бошқа оила аъзолари 2014 йил 1 январдан бошлаб ушбу афв берилган санагача (2024 йил, 19 январ) АҚШга қарши уюштирган ёки иштирок этган ҳар қандай зўравонликсиз жиноятлари учун кечирилади” дейилган.
“Жеймс ва Сара Байден ҳеч қандай жиноят содир этмагани учун бу афвни сўрагани йўқ. Бироқ президент айтган сабабларга кўра, улар буни қабул қилишга рози бўлди”, — деди уларнинг адвокати ABC News’га.
Юқоридаги шахсларни олдиндан афв этишдан ташқари, Байден аллақачон жазо муддатини ўтаётган икки маҳкумни ҳам афв этди, яна бир кишининг ҳукмини енгиллаштирди.
















