Украина «сулҳ»дан кейин ҳам ўққа тутилганини маълум қилди
«Рождество сулҳи» якунида Россия Федерацияси Харкив, Запорижжя, Донецк ва Днепропетровск вилоятларини ўққа тутди. Украина Қуролли кучлари маълумотларига кўра, Россия тўққизта ракета ва учта авиазарба берган.
Украина расмийлари Москва томонидан эълон қилинган «Рождество сулҳи» тугаганидан кейин Украина ҳудудига янги ракета ва авиазарбалар берилгани ҳақида хабар қилди. 8 январь, якшанбага ўтар кечаси Россия қўшинлари Харкив вилоятининг Мерефа шаҳрига ракета ҳужуми уюштирди, деди вилоят ҳарбий бошқармаси бошлиғи Олег Синегубов.
Унинг сўзларига кўра, отишма натижасида 50 ёшли эркак ҳалок бўлган. «Рождествода ҳам душман тинч аҳолини террор қилишни тўхтатмаяпти!» - деб ёзди Синегубов Telegram-каналида. Унинг қўшимча қилишича, Россия қўшинлари кун давомида Чугуевский туманидаги Старица қишлоғи ва Купянский туманидаги шаҳар типидаги Двуречная посёлкасини ўққа тутган. Двуречнаяда хусусий турар жой биноси ва давлат фавқулодда вазиятлар хизмати бўлинмаси биноси ўққа тутилди. Икки юк машинаси ва ўт ўчирувчиларнинг тез ёрдам машинаси шикастланган, бироқ қурбонлар йўқ.
Запорижжя шаҳар кенгаши котиби Анатолий Куртевнинг айтишича, 8 январга ўтар кечаси Россия Федерацияси томонидан эълон қилинган ўт очишни тўхтатиш режимига қарамай, Россия армияси Запорижжя шаҳри чекка ҳудудларини ўққа тутган. У вайронагарчилик ва қурбонлар ҳақида ҳеч қандай маълумот бермади.
Запорижжя вилояти ҳарбий бошқармаси бошлиғи Олександр Старухнинг маълум қилишича, 7 январь куни россияликлар БМТнинг Запорижжя вилоятидаги миссиясини ўққа тутган, у Орехов шаҳрига гуманитар ёрдам олиб келган.
Донецк вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Павел Кириленконинг сўзларига кўра, 8 январга ўтар кечаси россияликлар Краматорскка еттита, Константиновкага иккита ракета ҳужуми уюштирган. Саноат объектлари шикастланган, ҳеч ким жабрланмаган.
Украина томони вакиллари Херсонда тунги портлашлар ҳақида ҳам хабар беришди. Украина Қуролли кучлари Бош штабининг эрталабки хулосасида таъкидланишича, Россия ҳарбийлари ўт очишни тўхтатиш режимига қарамай, ўтган кун давомида тўққизта ракета ва учта авиаҳужум уюштирган, ялпи ўт очиш реактив тизимларидан 40 та зарба берган, шу жумладан фуқаролик инфратузилмасини нишонга олган. Украина Қуролли кучлари қайд этишича, тинч аҳоли орасида ярадорлар ва қурбонлар бор.
Ўз навбатида, ўзини «Донецк халқ республикаси» деб эълон қилган ҳудуд вакиллари Украинанинг ўққа тутилиши натижасида Старобешевская ва Зуевская иссиқлик электр станциялари зарар кўрганини маълум қилди.
Уруш шароитида ҳатто можаро иштирокчиларининг расмий вакиллари тарқатаётган маълумотларни тезда текшириш имкони йўқ.
5 январь куни Россия президенти Владимир Путин Россия Мудофаа вазирлигига Украинада 36 соат муддатга – 6 январь соат 12:00 дан 7 январь 24:00 га қадар ўт очишни тўхтатиш режимини эълон қилишни топширди. Бу патриарх Кириллнинг «Рождество сулҳига» чақириғидан кейин содир бўлди.
Бир томонлама сулҳ кучга кирганидан сўнг, Киев ва Вашингтон Россия қўшинлари жангни давом эттирганини айтди. Россия Мудофаа вазирлиги россиялик кучлар ўт очишни тўхтатиш режимига риоя қилганини, бироқ Украина ўққа тутишига жавоб бераётганини даъво қилди.