Ўзбекистон | 21:06 / 10.01.2023
31955
4 дақиқада ўқилади

Андижон вилояти ҳокими кечаси мажлис ўтказмоқда

Шуҳрат Абдураҳмонов ҳаво совуқлигига қарамай, вилоятдаги ҳамма мутасаддиларни кечаси мажлисга йиғди. Унда эртадан бошлаб қайси мактабларни очиш, қайсиларини очмаслик масаласи кўрилди. Қатор мутасаддилар кечқурун бўлаётган мажлисдан шикоят қилиб, Kun.uz'га мурожаат қилди: “Салкам икки соатдан бери мажлис бошланишини ташқарида кутиб турибмиз, совуқ жон-жонимиздан ўтиб кетди”. “Уйи узоқлар бу совуқда манзилига қандай етиб олар экан?”

Фото: Андижон вилояти ҳокимлиги

10 январ соат 21:30 ҳолатига (хабар янгиланди), Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов мажлис ўтказяпти. Бу ҳақда мажлисда қатнашаётган бир неча шахслар Kun.uz'га маълум қилди.

Абдураҳмоновнинг матбуот хизмати хабарига кўра, йиғилишга вилоятдаги мутасадди раҳбарларнинг ҳаммаси жалб этилган бўлиб, ҳудудлардаги шаҳар ва туманлар мутасаддилари видеоузатув орқали иштирок этмоқда.

“Шуҳрат Абдураҳмонов эртанги кундан Андижондаги таълим муассасаларида ўқиш жараёнларини бошлаш хусусида тўхталди. Бу борада ҳар бир шаҳар ва туман ҳокимлари ҳамда ХТБ мудирлари билан бирма-бир мулоқот ўтказиб, мактабларнинг ўқишга шай ҳолда эканини шахсан ўрганмоқда.

Тайёргарлигида айрим масалалар кузатилиши мумкин бўлган мактаблар эртадан ўқув жараёнини бошлаши талаб этилмайди ва ушбу масканларда камчиликларни бартараф этиш ишлари бошланади.

Вилоят раҳбари барча мактаб директорлари, тиббиёт бирлашмаси раҳбарларидан ушбу масалаларда аниқ ва батафсил ҳолатларни ўрганиб ўтмоқда”, – дейилади расмий ахборотда.

Фото: Андижон вилояти ҳокимлиги

Қайд этилишича, Андижондаги ҳамма мактабларга вилоят ҳокимлиги мутасаддилари, бошқармалар ҳамда вилоят миқёсидаги давлат идоралари раҳбарлари, шаҳар ва туман ҳокимлари, сектор раҳбарлари, ҳоким ўринбосарлари бириктирилади. Улар орқали мактаблардаги вазият ўрганилиб, назорат қилиб борилади.

“Мактаб директорлари ва ўқитувчилар ушбу масалалар бўйича ташкил этилган ҳеч бир ишга жалб этилмайди. Улар фақат таълим беришади. Ҳаммасини вилоят ҳокими ўринбосарлари ва бириктирилган масъуллар, мактабнинг хўжалик ишлари мудири иштирокида бажариб борадилар”, – деган Абдураҳмонов.

Kun.uz'га маълум бўлишича, бу мажлисга йиғилиш учун ташкилот раҳбарларига тегишли мутасаддилардан SMS хабар борган. Жумладан, Булоқбоши тумани ҳокимлиги томонидан: “Бугун, 10 январ куни соат 18:30 да туман ҳокимиятида [бўладиган] ҳокимлик соатида расмий кийимда иштирок этишингиз сўралади” мазмунида SMS-хабар юборилган.

Фото: Андижон вилояти ҳокимлиги

Избоскан туманида эса бу йиғилишга 17:30 да етиб келиш сўралган ва унда вилоят ҳокими шахсан иштирок этиши алоҳида таъкидланган. Бироқ 19:30 гача мажлис учун келган ташкилот раҳбарлари мажлислар залига киритилмасдан ташқарида ушлаб турилган.

“Аномал совуқ деб ҳамма жойда ёзишяпти. Биз салкам икки соатдан бери бошланиши керак бўлган мажлисни ташқарида кутиб турибмиз. Совуқ жон-жонимиздан ўтиб кетди”, – деди шахси сир қолишини истаган избосканлик вакиллардан бири.

Андижон вилояти ҳокимлиги йиғилишига соат 18:00дан кечга қолмай келиш буюрилган SMS-хабарлардан бири. Ваҳоланки, йиғилиш бундан анча кеч бошланган.

Шунингдек, Асака туманидан ҳам бу йиғилишга ташкилот раҳбарлари чақирилган.

“Йиғилиш аввалида вилоят ҳокими ўринбосари сўз бошлади. Сўнг 20:00 дагина вилоят ҳокими сўзга чиқди. Бу бошланган мажлис қанча давом этишини билмаймиз. Одатда вилоят ҳокимининг нутқи 3–4 соатгача давом этади. Уйи узоқлар бу совуқда манзилига қандай етиб олар экан?” – дейди асакалик ташкилот раҳбарларидан бири.

Мавзуга оид