Республикачилар Байденни вице-президентлик даврида махфий ҳужжатларни ўғирлаганликда айбламоқда
АҚШ Бош прокурори ушбу материалларнинг топилишини текшириш учун прокурор тайинлади.
АҚШ Конгресси вакиллар палатасидаги республикачилар президент Жо Байденни жиноят содир этганликда айбламоқда. Яқинда Вашингтонда жойлашган Байден номидаги таҳлил маркази биносида унинг вице-президентлик даврига оид махфий ҳужжатлар топилди.
«Жо Байден махфий ҳужжатларни ўғирлаган. Бу жуда оғир жиноят», деб ёзди Жоржия вакили Маржори Тейлор Грин ижтимоий тармоқда.
Унинг сўзларига кўра, энди АҚШ Адлия вазирлиги ва Миллий архивлар ва ҳужжатлар бошқармаси «бу воқеани бости-бости қилолмайди».
Ўз навбатида, Вакиллар палатаси аъзоси, депутат Ронни Жексон президентни икки томонлама стандартлар сиёсатини юритаётганликда айблади.
«Байден кўп йиллар давомида шахсий кабинетида ўта махфий ҳужжатларни сақлаганини билар эди. У бу ҳақда ФҚБ ходимлари Мар-а-Лагода (АҚШ собиқ президенти Доналд Трамп уйида) тинтув қилганида ҳам билган ва бу ҳақда махсус прокурорни тайинлаган пайтида ҳам билган (Трамп ишини текшириш учун). Бу ҳақда у ҳар доим билган ва унинг Адлия вазирлигидаги ходимлари барибир Трампни таъқиб қилишган», деб ёзди Жексон.
CBS News хабарига кўра, сешанбага ўтар кечаси Вашингтонда жойлашган Байден номидаги Дипломатия ва глобал ҳамкорлик марказида ўнлаб махфий ҳужжатлар топилган. Улар Байденнинг вице-президент лавозимида ишлаган даврига оид бўлган.
Материаллар Байденнинг шахсий адвокатлари томонидан 2022 йил ноябр ойидаги оралиқ сайловлар олдидан топилган. Президентнинг махсус маслаҳатчиси Ричард Саубер сўзларига кўра, ҳужжатлар Байденнинг адвокатлари унинг офисини бўшатаётганида топилган. Ҳужжатлар махфий бўлмаган бошқа қоғозлар билан бир жилдда сақланган. Шу билан бирга, телеканал манбалари махфий ҳужжатларда қандай маълумотлар бўлганига аниқлик киритмаган.
Fox News хабарига кўра, АҚШ бош прокурори Меррик Гарланд Иллинойс шимолий округи прокурори Жон Лошни махфий ҳужжатлар топилганини текшириш учун масъул қилиб тайинлаган.
2022 йил август ойида ФҚБ собиқ президенти Доналд Трампнинг Мар-а-Лагодаги уйида тинтув ўтказиб, президентлик даврига оид махфий ҳужжатларни топган эди. Ҳозирда бу иш бўйича суриштирув давом этмоқда.
Трамп Байденнинг офисида махфий ҳужжатлар топилганини изоҳлар экан, ижтимоий тармоқда: «ФҚБ қачон Жо Байденнинг уйини тинтув қилади? Балки Оқ уйни ҳам тинтув қилар?», деб ёзди.
Мавзуга оид
20:44
Марко Рубио — бўлажак давлат котиби. У Трампга ёқиш учун қарашларини кескин ўзгартирган сенатор
17:22
Трамп Афғонистондан АҚШ қўшинларини олиб чиққанларни жазоламоқчи – ОАВ
12:44
«Агар бир-биримизни рақиб деб билсак, муносабатларни бузамиз». Байден ва Жинпинг Перуда учрашди
10:05