Жаҳон | 10:04 / 11.01.2023
2326
2 дақиқада ўқилади

Жаҳон банки глобал иқтисодий ўсиш прогнозини кескин пасайтирди

Жаҳон банки томонидан 2023 йилда кутилаётган 1,7 фоизлик глобал иқтисодий ўсиш сўнгги 30 йилдаги энг заиф кўрсаткичлардан бири ҳисобланади.

Фото: Getty Images

Жаҳон банки 10 январь, сешанба куни глобал иқтисодий ўсиш прогнозларини 3,0 фоиздан (2022 йил июнь ойидаги прогноз) 1,7 фоизга туширди. Бу 2009 ва 2020 йиллардаги инқироз йилларидан ташқари сўнгги 30 йилдаги энг паст кўрсаткичдир.

Қайд этилишича, Украинадаги уруш ва миллий марказий банклар томонидан фоиз ставкаларининг ошиши туфайли кўплаб мамлакатлар таназзул ёқасида турибди. Шу тариқа, саноати ривожланган мамлакатлар иқтисодиётининг ўсиш суръатлари сезиларли даражада пасаяди, деб ҳисоблайди ташкилот экспертлари. Хусусан, АҚШ, шунингдек, евроҳудуд давлатлари учун ўсиш суръатлари бор-йўғи 0,5 фоизни ташкил этади, дейди Жаҳон банки таҳлилчилари.

Шу билан бирга, прогноз геосиёсий кескинликнинг навбатдаги босқичи ёки коронавирус пандемиясининг янги авж олиши каби кутилмаган зарбалар натижасида бошланиши мумкин бўлган глобал рецессиядан қўрқишни билдиради.

Ривожланаётган мамлакатлар инвестицияларнинг чиқиб кетиши муаммосига дуч келиши мумкин, бу прогнозда айтилади. Ҳозирнинг ўзида бу давлатлар катта миқдордаги давлат қарзи ва заиф миллий валютадан азият чекмоқда.

Жаҳон банки маълумотларига кўра, Хитой иқтисодиёти 2023 йилда 4,3 фоизга ўсади. Бу 2022 йил июнь ойидаги прогнозда кутилганидан 0,9 фоизга кам. Коронавирусга қарши курашда қўйилган қатъий чекловлар, шунингдек, кўчмас мулк бозоридаги вазият ва талабнинг пасайиши туфайли Хитой ялпи ички маҳсулоти 2022 йилда атиги 2,7 фоизга ўсди, бу 1970-йилларнинг ўрталаридан бери энг заиф кўрсаткичлардан бири бўлди.

Россия иқтисодиёти, Жаҳон банки прогнозларига кўра, 2023 йилда 3,5 фоизга пасайганидан сўнг, 2023 йилда 3,3 фоизга қисқаради. 2022 йил июнь ойида Россия ялпи ички маҳсулоти 2023 йилда 2 фоизга қисқариши кутилган эди.

Мавзуга оид