Жаҳон | 20:44 / 12.01.2023
39995
13 дақиқада ўқилади

Нотенг дўстлик. Украинадаги муваффақиятсизликдан сўнг Хитойнинг Россияга муносабати қандай ўзгарди?

Россиянинг Украинага қарши уруши Хитой ҳукуматини ўзининг халқаро сиёсий йўлига бошқача қарашга мажбур қилди. Хитой расмийлари Путиннинг урушдаги муваффақиятсизликларидан ҳайратда қолган ва Ғарб нашрлари ёзишича, айрим Ғарб давлатлари билан муносабатларни яхшилаш ҳақида ўйлаяпти. Хитой шу йўл билан Россия тажовузи оқибатларини ўзи учун юмшатишга ҳаракат қилмоқда.

Фото: GUANG NIU/GETTY IMAGES

2022 йил феврал ойи бошида, Россия Украинага бостириб киришидан 20 кун олдин Владимир Путин Хитой етакчиси Си Жинпинг билан учрашган эди. Айнан ўша учрашувдан кейин мамлакатлар ўртасидаги дўстликнинг «чегараси йўқлиги», «ҳамкорликда тақиқланган зоналар мавжуд эмаслиги» каби машҳур баёнотлар пайдо бўлди.

Британиянинг Financial Times газетаси манбаларидан бирининг айтишича, ўша учрашувда Украина атрофидаги вазият муҳокама қилинган ва Кремль Россия ҳудудига кимдир ҳужум қилган тақдирда «мумкин бўлган ҳар қандай чораларни қўллашини истисно қилмаган». Аммо Путин ХХР раҳбарига Украинага қарши уруш бошламоқчилиги ҳақида хабар бермаган.

Урушнинг бошида баъзи хитойликлар ҳарбий ҳаракатларни фаол қўллаб-қувватлади ва ижтимоий тармоқларда Владимир Путиннинг уруш бошланганини эълон қилган нутқи таржимасини тарқатди. Ўша пайтда Хитой ҳукуматининг позицияси унчалик аниқ эмас эди.

Бир пайтлар Владимир Путинни ўзининг «энг яхши дўсти» деб атаган Си Жинпинг реалликда бу урушга вазминлик билан муносабат билдирди. Март ойида БМТ Бош Ассамблеяси ҳарбий босқинни қораловчи резолюцияни ёқлаб овоз берганида, Хитой бетараф қолди.

Агар Пекин ўшанда резолюцияга қарши овоз берганида, бу Ғарб томонидан Россия позициясини очиқ қўллаб-қувватлаш сифатида баҳоланган бўлар эди. Аммо ўшанда барча хавф ва имкониятларни баҳолаб, тарозига солишга уринган Хитой резолюцияни «қўллаб» ҳам овоз бермади. Ушбу стратегик ноаниқликни сақлаб қолиш Хитойга ҳар қандай вақтда қайси ёндашув унга фойдали эканлигини яхшироқ баҳолашга ёрдам беради.

Бир тарафдан, Пекин очиқчасига Вашингтонни бу уруш учун жавобгар деб атади – гўёки бу уруш НАТOнинг Европада кенгайиши билан боғлиқ. Бошқа томондан, Хитой Россияга ёрдам беришга шошилмаяпти.

Американинг The Washington Post нашри ёзишича, Россия Хитойдан бир неча марта ҳам молиявий, ҳам технологик ёрдам сўраган. Си Жинпинг Москва билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўлларини топишга қарши эмасди, бироқ барча музокаралар «қийин» кечган. Нашр манбасига кўра, Хитой «Россиянинг оғир аҳволини тушунади, лекин ўз вазиятини ҳам беэътибор қолдира олмайди».

Портлаш тўлқини

Владимир Путин ва Си Жинпинг охирги марта сентябр ойида учрашди.

Бу музокаралар Россиянинг Хитойга экспорти жадаллик билан ўсиб бораётган, Хитойдан Россияга импорт эса, аксинча, секинлашаётган бир пайтда бўлиб ўтди. Москванинг Хитой инвестициялари, технологиялари ва икки томонлама савдога катта қизиқишига қарамай импорт ўсмаяпти. Қолаверса, бу пайтда фронтда Украина қўшинларининг кенг кўламли қарши ҳужуми юз бераётганди.

Путин ва Си тез-тез кўришиб туради (бу фотосуратда - 2018 йилги музокаралар), аммо бу ҳамиша ҳам ишончли муносабатлар гарови бўла олмайди. Фото: AFP

Учрашувдан сўнг Путин Украинадаги уруш бўйича «хитойлик дўстларнинг мувозанатли позицияси»ни ҳурмат қилишини айтди. Си Жинпинг эса Хитой «Россия билан биргаликда, буюк давлат ролини ўз зиммасига олишга ҳамда дунёга барқарорлик ва позитив энергия олиб келиш учун етакчилик ролини ўйнаш»га тайёрлиги ҳақида гапирди.

Аммо Financial Times манбаларининг айтишича, Хитой Путинга бош ирғаган ҳолда, айни пайтда ўзининг халқаро изоляцияни камайтиришга ва баъзи Ғарб давлатлари билан муносабатларни яхшилашга ҳаракат қилмоқда. Айниқса, ўзининг муҳим савдо шериги Европа Иттифоқи билан.

Сентябр ойида, Путин ва Си Жинпинг ўртасида музокаралар бўлиб ўтган вақтда, Хитойнинг ўзининг ҳам аҳволини оддий деб бўлмас эди. Хитой сўнгги йилларда иқтисодий мўъжизани амалга ошириб, қашшоқ давлатдан дунёнинг иккинчи йирик иқтисодиётига айланган бўлса-да, Си Жинпинг даврида ўсиш секинлашди. Бунинг бир қанча сабаблари бор, жумладан, коронавирус пандемияси туфайли эълон қилинган доимий локдаун (карантин), кўчмас мулк бозоридаги инқироз ва ўсиш потенциалининг тугаши.

Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар Хитой учун яна бир қанча муаммоларни келтириб чиқарди. Биринчидан, Путин томонидан Европа Иттифоқига қарши очилган газ уруши Ғарб истеъмолчиларининг Хитой товарларини сотиб олиш учун анча кам пулга эга бўлишига олиб келди. Иккинчидан, Си Жинпинг урушни қоралашдан бош тортгач, Ғарб билан келишмовчилик кучайди.

«Хитой ўз сиёсатини тубдан ўзгартирмаяпти. Лекин Хитой учун бирданига бутун Ғарб билан муносабатларни мураккаблаштириш фойдали эмас. Россия билан стратегик ҳамкорликнинг чегараси йўқлиги ҳақидаги барча баёнотларга қарамай, Хитойнинг асосий савдо ҳамкорлари ҳамон АҚШ ва Европа Иттифоқи бўлиб қолмоқда. АҚШ билан муносабатлар узоқ келажакда ёмонлашишини ҳисобга олган ҳолда Пекин, ҳеч бўлмаганда Европа Иттифоқи билан алоқаларни ёмонлаштирмаслик муҳимлигини тушуниб турибди», дейди хитойшунос Леонид Ковачич.

Экспертнинг таъкидлашича, Хитой дастлаб Европа Иттифоқининг Украина урушидаги иштироки даражасини, бу масала Европа учун нақадар «оғриқли» эканини етарлича баҳоламаган бўлиши мумкин.

«Ҳозир эса улар вазиятни ҳеч бўлмаганда мулоқот дипломатияси даражасида юмшатишга ҳаракат қилмоқда», дейди Ковачич.

Украинадаги уруш Хитойнинг Тайванга нисбатан муносабатига ҳам таъсир ўтказди. Пекин бу орол-давлатни айирмачи вилоят деб билади. Сўнгги ойларда минтақадаги кескинлик барқарор равишда ошиб бормоқда, Хитой декабр ойида Тайван атрофида энг йирик денгиз ва ҳаво машғулотларини ўтказди. Ва бу сўнгги йилдаги биринчи машғулот эмас эди.

Россиянинг Украинадаги уруши бошида кўплаб мутахассислар Хитой ҳам Тайванга қарши фаол ҳаракатлар бошлашидан хавотирда эди. Аммо ҳозир баъзи таҳлилчилар фикрича, Хитой Россиянинг Украинага бостириб киришига Ғарбнинг (хусусан, Европа Иттифоқининг) якдил муносабатини кўриб, бунга журъат эта олмайди.

Мария Захарованинг хитойлик аналоги

Таҳлилчилар Россия дипломатиясининг расмий вакили Мария Захарова билан таққосланадиган Хитой Ташқи ишлар вазирлигининг собиқ вакили Чжао Лицзяннинг яқинда ўз лавозимидан бўшатилганини муҳим воқеа дея ҳисобламоқда.

GREG BAKER/AFP VIA GETTY IMAGES

Захарова сингари Чжао ҳам Ғарбга қарши кескин баёнотлари билан танилган эди. Сўнгги бир неча йилдан буён Хитой, дастлаб Россия томонидан қўлланган ахборот пропагандаси усулларидан тез-тез фойдаланган.

«Бу Москва ва Пекин халқаро ахборот маконида бевосита ҳамкорлик қилмоқда, дегани эмас. Аксинча, Хитой пропагандаси рус усулларини ўзлаштирди ва ижодий қайта ишлади. Усуллар ўхшашлиги икки авторитар режимга хос бўлган қарашларнинг умумийлиги билан тўлдирилади. Уларнинг мақсади — Ғарб демократияси ва умуминсоний ҳуқуқлар концепциясини танқид қилиш, шунингдек, ўз қонунийлигини мустаҳкамлашдир», дея фикр билдиради Карнеги маркази мутахассислари.

Bloomberg’нинг таъкидлашича, Чжао Лицзяннинг бошқа лавозимга ўтказилиши Пекиннинг халқаро муносабатларда агрессив ёндашувдан воз кечгани ва юмшоқроқ курсга ўтганидан далолат беради.

Бундан ташқари, Хитой яқинда ўзининг баҳсли «нол ковид» (яъни, коронавирус тарқалишининг тўлиқ олдини олишга уриниш) сиёсатидан воз кечди ва бизнес ишончини тиклаш учун «умумий фаровонлик» (ижтимоий тенглик) ҳақидаги риторикани камайтирди.

«Хитой давлат оммавий ахборот воситалари Украинадаги урушни россияпарастлик нуқтайи назаридан ёритишда давом этса-да, экспертлар Пекин энди Москвани олдингидек қатъий қўллаб-қувватламаяпти деган фикрга қўшилади», дейди BBC нашрининг Хитой бўлими муҳаррири Ҳовард Чжан.

Путиндан ҳафсаланинг пир бўлиши

Хитой расмий матбуотига кўра, 9 январ куни, яқинда Хитой ташқи ишлар вазири этиб тайинланган Син Ган ҳамкасби Сергей Лавров билан суҳбатда унга Россия-Хитой муносабатлари тамойилларининг анъанавий принципларини эслатиб ўтган — «блокларга қўшилмаслик, қарама-қаршиликка бормаслик ва учинчи томонга қарши туриш».

MARK RALSTON/AFP VIA GETTY IMAGES

«Бу Путин ва Си Жинпинг ўтган йилнинг феврал ойида имзолаган «чегарасиз дўстлик» ҳақидаги баёнотдан анча фарқ қилади», дейди Ҳовард Чжан.

«Хитойлик ҳукуматпараст сиёсий таҳлилчилар яширин шахсий суҳбатларда Путиндан ҳафсалалари пир бўлганини ва унинг Украинада бунчалик очиқчасига муваффақиятсизликка учраганига ишонмаётганини айтяпти», дея қўшимча қилади муҳаррир.

«Яқин тарихга назар ташлаб, Пекин бошқа минтақавий можароларда ўзини қандай тутганини эсласак, Хитой прагматик ҳаракат қилиши ва Россиянинг Украинадаги муваффақиятсизлигининг салбий оқибатларини ўзи учун юмшатишга тайёрланишини тахмин қилиш мумкин. Пекин маълум даражада ўз манфаатларидан келиб чиқиб, ҳатто воситачи бўлишга ҳам ҳаракат қилиши мумкин», дейди Чжан.

Унинг қўшимча қилишича, Хитой эски сиёсатидан очиқчасига воз кечиши, бирданига Ғарбга тўлиқ қўшилиб, Путинни қоралаши даргумон.

Ўтган йилнинг декабр ойида Путин ва Си Жинпинг ўртасидаги навбатдаги суҳбатдан сўнг, АҚШ Москва-Пекин алоқаларидан хавотир билдирди ва Хитой Россияга қурол етказиб беришга қарор қилса, жиддий оқибатларга дуч келишини маълум қилди.

«Пекин ўзининг бетарафлиги ҳақида гапирмоқда, бироқ унинг хатти-ҳаракатлари у ҳали ҳам Россия билан яқин муносабатларни давом эттираётганини яққол кўрсатиб турибди», деган эди Давлат департаменти вакили. У шунингдек, АҚШ вазиятни диққат билан кузатишда давом этишига ҳам ваъда берди.

Муқобилсиз Хитой

«Хитой нима демасин, Россияда бу вазиятда унга муқобил йўқ», дейди эксперт Леонид Ковачич.

«Ҳозирги вазиятда Хитой Россиянинг ягона ишончли савдо шериги ва қайсидир маънода савдо қилиш ва бу савдодан даромад олишнинг ягона имконидир. Шунинг учун, Хитой нима демасин (маълум чегараларгача албатта) Россия бунга жавобан бирон чора кўришга қодир эмас, қолаверса Россиянинг Хитойга қарамлиги кучайиб бормоқда», деган Ковачич.

«Россия савдо алоқаларини давом эттираётган Туркия ҳам Хитойнинг ўрнини боса олмайди. Чунки Хитойнинг Ғарбга нисбатан сиёсий даражадаги душманлиги Россияга, НАТО аъзоси бўлган Туркиянинг позициясидан анча яқинроқ. Россия учун бу муқобил эмас», дея қўшимча қилади Ковачич.

CARLOS BARRIA/POOL/AFP VIA GETTY IMAGES

Россия-Хитой муносабатларидаги номутаносиблик биринчи марта сезилгани йўқ. Жамоатчилик соҳасида бу, айниқса, инқироз даврида томонларнинг бир-бирини қўллаб-қувватлашида яққол намоён бўлади.

Масалан, 2019 йилда Пекин ва Вашингтон ўртасидаги муносабатлар кескинлашган вақтда Путин Хитойни очиқ қўллаб-қувватлаб, АҚШнинг Huawei технологик компаниясига қарши санкцияларини иқтисодий уруш ва кучли рақибни йўқ қилишга уриниш деб атади. 2020-2021 йилларда Россия Ташқи ишлар вазирлиги Ғарбнинг Уҳандаги эпидемиологик инқироз бошланишини мустақил тергов қилиш ҳақидаги чақириқларини 50 мартадан ортиқ танқид қилган.

Хитой эса, ўз навбатида, камдан кам ҳолларда Кремлни қўллаб-қувватлайди, кўпинча бетараф позициядан гапиради. Хусусан, Қримнинг мақомини муҳокама қилишда, Донбассдаги уруш ҳақидаги баёнотларда ва Буюк Британияда собиқ Бош разведка бошқармаси зобити Сергей Скрипалнинг заҳарланиши воқеаларида Пекин бетараф позицияда қолган.

Ўтган йил ноябрида эса Си Жинпинг билвосита Владимир Путиннинг Украина ҳақидаги таҳдидли баёнотларини танқид қилди ва Германия канцлери Олаф Шолц билан қўшма баёнотида «ядро қуролидан фойдаланиш ёки ундан фойдаланиш билан таҳдид қилиш»ни қабул қилиб бўлмас деб атади.

Financial Times маълумотларига кўра, исми сир қолишни сўраган хитойлик амалдорлардан бири вазиятга шундай изоҳ берган: «Путин ақлдан озган. Украинага ҳужум қарори кичик инсонлар гуруҳи томонидан қабул қилинган. Хитой Россияга шунчаки эргашмаслиги керак».

Нашр журналистларининг таъкидлашича, Хитой Россиянинг Украинада муваффақиятсизликка учраши ва урушдан жаҳон миқёсида иқтисодий ва дипломатик жиҳатдан сезиларли даражада заифлашган «кичик куч» сифатида чиқиши эҳтимолини аллақачон тўлиқ англаб етган.

Бундан ташқари, икки томонлама дўстлик ҳақидаги барча оммавий баёнотларга қарамай, айрим хитойлик амалдорлар якка тартибда Путиннинг ўзига маълум даражада ишончсизлик билдирмоқда.

Муҳаммадқодир Собиров
Муаллиф Муҳаммадқодир Собиров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид