Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қашқадарёда хорижий корхона 560 туп дарахтни кўчириб, 2,8 млрд сўм зарар етказди
Корхона тартиб-қоидаларга амал қилмасдан 560 туп ҳар хил турдаги ва турли ўлчамдаги дарахтларни илдизи билан қўпориб, бошқа жойга кўчирган.
Қашқадарё вилоятининг Касби туманида хорижий корхоналардан бири 560 туп дарахтни кўчириб, табиатга ва ўсимлик дунёсига 2,8 млрд сўм зарар етказган. Бу ҳақда вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, 2022 йил 9 январ куни Касби тумани «Назартепа» МФЙда яшовчи фуқаро вилоят экология бошқармасига мурожаат қилиб, Indorama Agro МЧЖ ХК томонидан «Назартепа» МФЙдаги Наврўз ҳудудида ҳар хил турдаги катта ва кичик дарахтлар техника ёрдамида илдизлари билан кўчириб ўтказилганини маълум қилган.

Фуқаронинг мурожаати инспекторлар томонидан бориб ўрганилганда Indorama Agro МЧЖ ХК томонидан 560 туп турли ўлчамдаги ҳар хил дарахтлар тартиб-қоидаларга амал қилмасдан кўчирилгани ва уларга зарар етказилгани аниқланган.
Ноқонуний дарахт кўчириш ортидан табиатга ва ўсимлик дунёсига етказилган зарар 2 миллиард 824 миллион 495 минг сўмни ташкил этган.

Қайд этилишича, табиатга етказилган зарарни ундириш учун ҳолат юзасидан расмийлаштирилган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилган.