Германия Африкани Европа Иттифоқи билан Путинга қарши бирлашишга чақирди
Африка Иттифоқи Европа Иттифоқи каби қадриятларни қўллаб-қувватлайди, деб маълум қилди Анналена Бербок. Унинг таъкидлашича, Путин билан қарама-қаршиликда Европа бутун дунё бўйлаб ҳамкорларнинг қўллаб-қувватлашига муҳтож.
Германия ва Франция Европа Иттифоқи ва Африка Иттифоқини Россиянинг Украинага қарши қуролли тажовузига қарши бирлашишга чақирди. Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок 13 январь, жума куни Африка Иттифоқи қароргоҳи жойлашган Эфиопия пойтахти Аддис-Абебага ташрифи чоғида: «Биз европаликлар, Европадаги дунё тартибимизга Россиянинг босқинчилик уруши ҳужуми остида бўлган ҳозирги вақтда бутун дунёдаги дўстларимиз ва ҳамкорларимиз ёрдамига муҳтожмиз», деб маълум қилди.
«Умумий дунёмизда биз ушбу умумий инқироз ва муаммоларни биргаликда енгишимиз мумкин. Африка Иттифоқи Европа Иттифоқи билан бир хил қадриятларни - тинчлик, хавфсизлик ва эркинликни қўллаб-қувватлайди. Шунинг учун Европа Иттифоқи ва Африка Иттифоқи давлатлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш муҳим аҳамиятга эга. Бу, айниқса, глобал инқирозлар - Европа тартибига ҳужум, Африкадаги можаролар, иқлим ва озиқ-овқат инқирози даврида жуда муҳимдир», деди Бербок.
Германия Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари яна БМТ Хавфсизлик кенгашини ислоҳ қилишга чақирди. Бербокнинг сўзларига кўра, Хавфсизлик кенгашидаги доимий ўринлар сони кўпайтирилиши керак, иккитаси Африкага ажратилиши керак.
Анналена Бербокка ҳамроҳлик қилаётган Франция ташқи ишлар вазири Катрин Колонна кўп томонлама ҳамкорлик ҳозир ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ эканини таъкидлади. «Россиянинг Украинага қарши тажовузкорлиги БМТ Низомининг асосий тамойилларига таҳдид солади», деб тушунтирди Колонна.
Ўз навбатида, Африка Иттифоқи раиси Муса Факи Маҳамат Африка ва Европа ўртасидаги самарали ҳамкорликни таъкидлаб, Европа Иттифоқи ўн йилдан ортиқ вақт давомида Сомалидаги энг муҳим ҳамкор бўлиб келганини эслатди. «Германия ва Франция бизни айниқса Саҳел зонасида терроризм ва зўравонликка қарши курашда кучли қўллаб-қувватлайди», деди Маҳамат.
Мавзуга оид
10:05
Трампнинг қайтиши: Украина масаласида АҚШ ва Европанинг позицияси бўлинадими?
17:48 / 06.11.2024
«Ўзбекистон қитъаларимиз чорраҳасида жойлашган ва глобал алоқаларимиз марказида бўлиши лозим» — Урсула фон дер Ляйен
14:08 / 05.11.2024
Саҳрои Кабирни кўкаламзорлаштириш Ер иқлимига қандай таъсир қилади?
22:39 / 04.11.2024