Жаҳон | 14:00 / 14.01.2023
6889
2 дақиқада ўқилади

Германия Украина учун танклар масаласини тезроқ ҳал қилишга чақирди

Украина узоқ вақтдан бери Ғарбдан унга Leopard жанговар танкларини етказиб беришни талаб қилиб келяпти. Бундай етказиб бериш фақат Германиянинг ишлаб чиқарувчи мамлакат сифатидаги розилиги билан амалга ошиши мумкин.

Фото: Reuters

Германияда ҳукмронлик қилаётган «светофор коалицияси»нинг бир қатор сиёсатчилари мамлакат ҳукуматини Украинага немис Leopard жанговар танкларини етказиб бериш масаласини имкон қадар тезроқ ҳал қилишга чақирди. "Менинг фикримча, ҳамкорларнинг жанговар танклар масаласида имкон қадар тезроқ қарори қабул қилиниши ўта муҳимдир", деб маълум қилди 13 январь, жума куни Германия Социал-демократик партиясининг ташқи сиёсат бўйича эксперти Михаэл Рот Deutschlandfunk радиостанциясига берган интервьюда. Ўз навбатида, Эркин демократик партиянинг ташқи сиёсат бўйича эксперти Мари-Агнес Штрак-Циммерман айтишича, Германия Leopard'ни экспорт қилиш учун рухсатнома бериши керак.

Украина узоқ вақтдан бери Ғарб давлатларидан Leopard танклари етказиб берилишини сўраяпти. Жорий ҳафтада Полша халқаро коалиция таркибида Киевга бундай танклар етказиб беришга тайёрлигини маълум қилганидан сўнг ушбу мавзу бўйича баҳслар кучайди. Бироқ, бу Германиянинг ишлаб чиқарувчи мамлакат сифатидаги розилигини талаб қилади. Германиянинг ўзи бундай коалицияда иштирок этишга тайёрми ёки йўқлиги ҳали номаълум.

Германия ҳукумати ҳали етказиб бериш бўйича қарор қабул қилгани йўқ. Шунингдек, Полшадан Украинага Leopard танкларини экспорт қилиш бўйича расмий сўров бўлмаган. Михаэл Рот ҳар қандай ҳолатда ҳам Германия ҳукуматидан қатъий рад жавобини эшитмаганлигини таъкидлади. «Мен қурол тизимлари масаласида қизил чизиқ кўрмаяпман», деди у.

Бундестагдаги Социал-демократик партия фракцияси раиси ўринбосари Дирк Визенинг таъкидлашича, танклар масаласи ҳозир ҳукумат ва иттифоқчилар билан келишиб олинмоқда ҳамда яқин орада қарор қабул қилиниши мумкин.

Ўз навбатида, Бундестагнинг қурол-яроғлар бўйича комиссари Ева Хёгл Leopard танклари Украинага Россия агрессиясига қарши курашда «ҳал қилувчи ёрдам» бериши мумкин, деб ҳисоблайди.

Мавзуга оид