Иккинчи жаҳон урушидан сўнг дунё сиёсий саҳнасида шиддатли рақобат кетар экан, СССР ва Ғарб «жосуслик ўйинларига» зўр беради. Ғарб давлатлари советлардан аламзада бўлган инсонлар орасидан ўзига жосуслар ёллайди. СССР эса «советлар мамлакатида барча бахтиёр» деган чўпчакка ишониб юрган инсонлар билан алоқа боғлайди. Советларга хизмат қилган жосуслардан бири британиялик Мелита Норвуд эди. Бу аёл 40 йил мобайнида қўлга тушмасдан КГБга муҳим маълумотлар етказиб туради ва СССР тарқаб кетгач фош бўлади.

1917 йилда содир бўлган Октябр тўнтаришидан кейин Россияда мислсиз қатағонлар бошланиб кетган бўлса-да, бу давлат ташқи дунёга ўзини адолатпарвар ва халқчил қилиб кўрсатарди.

Шу сабабли 1920-йиллардан бошлаб дунёнинг кўплаб давлатларида коммунистик партиялар тузилади. Бу партияларга Россия ва унга тобе бўлган ҳудудлардаги ҳолатдан бехабар инсонлар аъзо бўла бошлайди.

Улар коммунистлар томонидан ўтказилаётган «қизил террор» ҳақида эшитмаган, «советлар юрти»да бойлар ва ўртаҳолларнинг мулклари тортиб олинганини билмас, барча нарса халққа берилган деб ўйларди.

Аслида эса вазият тамоман бошқача, ўтмиши шубҳали бўлган бир гуруҳ шахслар Россияни эгаллаб, одамларни мислсиз қатағон қилмоқда эди. Британия коммунистик партияси ҳам ўша талотўп замонларда, 1920 йилда тузилганди.

Гарчи коммунистлар давлат тўнтаришини амалга ошириб, ҳокимият улар тасарруфига ўтган бўлса-да СССР Иккинчи жаҳон урушигача ҳатто Европада ҳам етакчиликка даъво қила олмаган.

Ўша пайтларда дунёнинг катта қисми Буюк Британия мустамлакаси эди. Бу давлат 1928-1932 йилларда жуда оғир иқтисодий инқирозларни бошдан кечирган АҚШ билан дунё гегемонлиги учун рақобат қиларди.

Европада эса Британияга иқтисодиёти кескин ўсаётган Германия рақобатчи эди. 1939-1945 йилларда бўлиб ўтган Иккинчи жаҳон уруши дунёдаги сиёсий вазиятни тубдан ўзгартириб юборади.

Европанинг энг йирик иқтисодиётига эга бўлган Германия урушда ютқазади ва кейинчалик иккига бўлинади. Осиёнинг энг кучли давлати бўлган Япония ҳам мағлубиятдан сўнг АҚШ таъсир доирасига тушиб қолади. Буюк Британия эса кўплаб мустамлакаларидан айрилади ва ўз сиёсий мавқейини йўқотади.

Ана шу пайтда дунё иккита қутбга – капиталистик ва социалистик лагерга бўлинади. Кўплаб мамлакатлар Ғарб етакчиси АҚШ билан ҳамкорлик қилишга уринса, бошқалари СССР билан яқин бўла бошлайди. Шу тариқа, урушнинг асосий ғолиби бўлган советлар дунёнинг иккинчи қутби бўлишга даъвогарлик қила бошлайди.