Ўзбекистон | 23:44 / 14.01.2023
15607
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ўзининг энергия тармоқларини бировга бериб юбормайди — вазир

Россия Ўзбекистонга газ етказиб бериш эвазига Ўзбекистоннинг газ-транспорт тармоқларини “Газпром” ихтиёрига ўтказишни сўрагани ҳақида хабар берилган эди. Таъкидлаш лозим, энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ўтган ойдаги чиқишларидан бирида буни билвосита тасдиқлаган.

“Миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда, ўзимизнинг тармоқларни бировга бериб юбориш ёки бошқа орқали эмас, олди-сотди тижорий шартномалар асосида ҳамкорлик қилиш бўйича музокаралар олиб бориляпти”,деганди у.

Вазир Kun.uz'га берган интервюсида Ўзбекистон РФнинг “учтомонлама газ иттифоқи” ғоясига қўшилмаслигини ҳам айтганди:

“Биз миллий манфаатларимизни ҳеч қачон хавф остига қўймаймиз. Агарда сиз айтаётган чорага йўл қўядиган бўлсак ҳам, фақатгина тижорий олди-сотди шартномалари орқали амалга оширамиз. Бунинг эвазига бирор сиёсий шарт қўйилишига йўл қўймаймиз.

Агар газни чегарамизгача олиб келиб, бизга маъқул нархда берса, оламиз, бўлмаса йўқ.

Бир нарсани тўғри тушунинглар, бизда газ тафовути фақатгина совуқ қишки мавсумда бўлади холос. Қолган пайтлар тўлиқ таъминлаймиз. Шунинг учун қолган чораларни кўрамиз, қўшимча инвестиция киритамиз, энергия тежамкорликка олиб борамиз, газдан ташқари муқобил энергия – кўмирда ишлай оладиган тармоқларни максимал равишда кўмирга ўтказамиз, алтернатив энергетикани интенсив ривожлантирамиз. Шу каби чоралар кўрилади”.

Эслатиб ўтамиз, Россия томони илгари сурган иккинчи шарт – Хитойга газ экспорти ҳуқуқини топшириш бўлгани, яъни “Газпром” келишувда Ўзбекистоннинг “UzGasTrade” компанияси ўрнини эгаллашни таклиф қилгани айтилмоқда.

Ўзбекистон ҳукуматидаги манбаларга кўра, декабр ойидаги музокараларда Россия томонининг шартларини олиб ташлашга эришилган.

Мавзуга оид